Ру Ўз O`z En

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАРМОҒИДА ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ ҲОЛАТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

2 Декабрь 2020 2142

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга қилган ташрифи давомида ҳар бир шаҳар ва туманларни ривожлантиришга, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган зарур вазифа ва йўналишларни белгилаб берган эди.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан 2020-йил 11-ноябрда “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4889-сонли Фармони қабул қилинди.

Соҳага доир, белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида, сифатли бажарилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2020 йил II ярим йилга белгиланган иш режаси талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида бошқарма томонидан Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида қишлоқ хўжалиги тармоғида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолатлари ўрганилди.

Қўнғирот туманида 409 янги иш ўринларини ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, замонавий иссиқхона ташкил этиш, чорвачилик, ярим интенсив усулида балиқ етиштириш ва шу каби қишлоқ хўжалигидаги бошқа тармоқлар улушига жами 125 млрд. 25 млн. сўмлик 39 та лойиҳа тасдиқланди. Шундан ўз маблағига 46 млрд. 168 млн. сўм, банк кредити ҳисобига 16,9 млрд. сўм, хорижий кредит эвазига 6 млн. АҚШ доллари жалб этиш орқали аграр соҳадаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

Янги ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳалардан 32 таси 2020 йилда, қолган 7 та лойиҳаларнинг бажарилиш муддати 2021-йилга белгиланган.

Масъул идоралар ҳамда ташаббускорлар томонидан кўрилган чоралар натижасида амалда жами лойиҳаларнинг 19 таси ёки 54 фоизи бажарилган бўлиб, 28 млрд. 454 млн. сўм пул маблағлари ўзлаштирилган, шундан шу кунгача режадаги 55 та янгидан яратилиши керак бўлган иш ўринлари ўрнига ортиғи билан 71 та иш ўрни яратилган.

Ушбу лойиҳалар юзасидан бугунги кунда 22 млрд. 355 млн. сўмлик иш ҳажми амалга оширилган бўлиб, улар ишга туширилиши билан яна 354 та янги иш ўринлари ташкил этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Мўйноқ туманида ҳам 170 та янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, жами 53 млрд. 475 млн. сўмлик, шундан ўз маблағи 18 млрд. 535 млн. сўм, банк кредити эвазига 34,9 млрд. сўм пул маблағларини жалб этиш орқали жами 26 та аграр ҳамда озиқ-овқат соҳаларидаги лойиҳалар ташкил этиб, асосий улуши замонавий иссиқхона бунёд этиш, чорвачилик, балиқ етиштириш ва қишлоқ хўжалигидаги бошқа тармоқларни ривожлантиришга тўғри келади.

Бироқ, жами лойиҳаларнинг 11 таси ёки 42 фоизи бажарилган бўлиб, 2 млрд. 515 млн. сўм пул маблағлари ўзлаштирилган, шу кунгача режадаги 27 та янгидан яратилиши керак бўлган иш ўринларнинг 16 таси яратилган, холос.

Тасдиқланган лойиҳаларнинг 50 млрд. 960 млн. сўмлик, жами 15 таси бажарилмоқда. Бугунги кунгача лойиҳаларнинг 31 млрд. 736 млн. сўмлик иш ҳажми амалга оширилган бўлиб, улар ишга туширилиши билан 143 та янги иш ўринлари ташкил этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинги юзасидан Мўйноқ тумани ҳокимлиги, туман инвестициялар ва сиртқи савдо бўлими ҳамда Инспекциянинг Мўйноқ тумани масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди ва тармоқ жадвалларида белгиланган тадбирларнинг муддатларда бажарилиши юзасидан ташаббускорлар билан мавжуд муаммоларни биргаликда кўриб бориш белгилаб олинди. Бу борада ишлар давом эттирилмоқда.

М.Тлеумуратов, "Ўзагроинспекция"нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими инспектори

 

 

Text to speech