Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини “суиистеъмол” қилаётганлар ким?

4 Декабрь 2020 2248

Ўтган ҳисобот даврида “Ўзагроинспекция”нинг Фарғона вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” ги Қонун ва қонуности ҳужжатлар ижроси юзасидан бир қатор назорат тадбирлари амалга оширилди.

Назорат тадбирлари давомида Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари томонидан сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, сув олиш лимитлари ва режаларининг бузилиш ҳолатлари бўйича жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида 493 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 137 та хабардор қилиш тартибида текшириш, 356 та мониторинглар ўтказиш жараёнида 438 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Натижаси бўйича тегишли идораларга 125 та ёзма кўрсатма, 35 та тақдимномалар киритилган, 271 та маъмурий чоралар кўрилиб, қўлланилган 87,3 млн. сўм жарималарнинг 70,2 млн. сўми , 287 млн сўмлик молиявий санкцияларнинг 260,4 млн.сўми ундирилган, 149 та ҳолатда материаллар судларга ва 8 та материаллар прокуратура органларига юборилган.

Мисол учун, Бувайда туманидаги “Жамшидбек Шерзодбек” фермер хўжалиги раҳбари К.А. туман сув истеъмолчилар уюшмаси билан умумий 19.68 гектар ер майдонини 2020 йил ҳосили учун суғоришда шартнома тузмасдан сувдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган ва мазкур ҳолат юзасидан хабардор этиш тартибида текшириш ўтказилган.

Шунингдек, тумандаги “Навбаҳор Қўштепа чорвадори” фермер хўжалиги раҳбари М.Н. ҳудудидаги туман сув истеъмолчилар уюшмаси билан умумий 6,20 гектар ер майдонини 2020 йил ҳосили учун суғориш юзасидан шартнома тузмасдан, сувдан ноқонуний фойдаланиб келганлиги аниқланган. Иш бўйича тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий ишлар бўйича судига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди.

Бундан ташқари, Фарғона туман сув истеъмолчилари уюшмасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида “Хонқиз” сув тақсимлаш бўлими гидрометри Ё.Б. ва “Чимён” участка бошлиғи М.Э.лар томонидан белгиланган тақсимотларни бузиб, ўзбошимчалик билан тақсимотдан ортиқча сув бераётганликлари аниқланди ва бу ҳақда белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилиб, молиявий ва маъмурий жарима жазоси қўлланилди

Туман ирригация бўлими ҳисобидаги Оқбилол сув тақсимлаш бўлими гидротехниги З.Ж. ўзига бириктирилган “Қорасув” сув олиш даҳанасига белгиланган тақсимотни бузиб, ўзбошимчалик билан ортиқча сув бераётгани аниқланган ва МЖтКнинг тегишли моддаси билан унга нисбатан жарима қўлланилди.

Ёзёвон туман Ирригация бўлимига қарашли “Ёзёвон” насос станциясида ўтказилган ўрганишда топшириқномасиз сув тақсимлангани аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан насос станцияси раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима чораси қўлланилди.

Худди шунингдек, Туман ирригация бўлими тасарруфидаги “Янгиобод” сув тақсимлаш бўлимида ўтказилган ўрганиш жараёнида СТБ техник-гидротехниги томонидан ўзбошимчалик билан “Муҳаммад Азиз Иқболи” фермер хўжалигига 30 л/сек сувни очиб берганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан СТБ техник-гидротехнигига нисбатан белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди.

Шу каби ҳолат туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Йўлдошобод” сув тақсимлаш бўлимининг сувдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганида, СТБ техник-гидротехниги А.С. томонидан ҳудуддаги “Дурлар макони гулистон” фермер хўжалигига тақсимот бўлмасада, талабномасиз 50 л/сек сувни очиб берганлиги аниқланди.

Юқорида аниқланган қонунбузилишлар ва камчиликларга йўл қўйилмаслик, уларни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан жойларда тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳудуддаги сув назоратчилари, фермер хўжаликлари раҳбарларига кўрсатмалар берилмоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Фарғона вилоят бошқармаси

 

Text to speech