Ру Ўз O`z En

Республикада паррандачиликни янада ривожлантириш - озиқ-овқат хавфсизлиги йўлида муҳим қадам

18 Февраль 2021 80

Жаҳон чорвачилик соҳасининг ривожланиши шуни кўрсатадики, чорвачиликда парранда гўшти ишлаб чиқариш бошқа ҳайвонлар турига қараганда жадаллик билан ривожланмоқда. Паррандани бекорга “Етти хазинанинг бири” дея аташмайди, чунки товуқ қисқа вақт оралиғида гўштга кириши, тухум бериши ва ижтимоий ҳаётда фойдаланадиган бошқа маҳсулотлар манбаига айланиши барчага маълумдир.

Бугунги кунда, Бройлер жўжаларининг жадал ўсиши ва сарфланган озуқаларга нисбатан юқори сифатли арзон гўшт етиштириш, қисқа вақт ичида қилинган ҳаражатларнинг қопланиши ҳамда аҳолининг парҳез парранда гўштига бўлган талабининг ошиши сабабли паррандачиликка қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, 2020 йилда дунёда парранда гўшти ишлаб чиқариш 128,4 млн. тоннани, шу жумладан бройлер гўшти 97,8 млн. тоннани ташкил этади.

Шунингдек, 1 трл. 233 млрд. дона тухум ишлаб чиқилди, бу билан 10 йил ичида ўсиш сўратлари 18 фоизни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, 74 минг тонна тухум кукуни, 53,2 минг тонна тухум оқсили кукуни ва 68 минг тонна тухум сариғи кукуни ишлаб чиқилган.

Давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги, шу жумладан паррандачилик тармоғини ривожлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда.

Жумладан, паррандачилик тармоғига қатор субсидия ва имтиёзлар берилиб, имтиёзлардан фойдаланиб иқтисод қилинган маблағлар паррандачилик корхоналарини ривожлантиришга ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун йўналтирилишига ҳамда янги паррандачилик корхоналари ва фермер хўжаликларини ташкил этилишига замин яратаётганини айтиб ўтиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 29 январдаги ПҚ-4576-сонли қарорида чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида:

-паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслли жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади;

-Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ва “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда паррандаларнинг юқори маҳсулдор зотлари ва кроссларини урчитиш билан шуғулланувчи гўшт йўналишидаги II-тартибли репродуктор наслчилик паррандачилик корхоналари фаолиятини йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди;

-паррандачилик корхоналарига ўзи ишлаб чиқарган тухум ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилишда, наслдор инкубацион тухум ва наслдор бир кунлик жўжаларни, вакцина, ветеринария дори воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ҳаво транспортида ташиш тарифларига нисбатан 20 фоизлик чегирма бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Паррандачилик ва ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2022 йил 1 январга қадар ўз эҳтиёжи учун мақсадли равишда озуқа компонентлари ва қўшимчаларини (ТИФ ТН коди 1001, 1005, 1201, 1206, 2304, 2306, 2309, 2835, 2922, 2930) темир йўл орқали ташишда, истисно тариқасида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги темир йўллари тариф сиёсатининг 35 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда чегирма бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Республикада, паррандачиликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга интенсив технологияни кенг жорий этиш бўйича кейинги йилларда олиб борилаётган ишлаб чиқариш ҳажмлари сезиларли даражада кўпайиб, ички истеъмол бозорларида паррандачилик маҳсулотлари нарх-наволарининг барқарорлиги таъминланмоқда.

Соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлаш ҳисобига 2020 йилда паррандалар бош сони 93,1 млн. бошга, тухум ишлаб чиқариш 7,8 млрд. донага, парранда гўшти ишлаб чиқариш 220 минг тоннага етказилди ва республика бўйича жон бошига тухум ишлаб чиқариш 229 донани, парранда гўшти 6,5 кг. ни ташкил этди.

Республикада бугунги кунда жами 1 минг 55 паррандачилик субъектлари мавжуд бўлиб, шундан 39 тасини наслчилик паррандачилик субъектлари ташкил этиб, уларда жами 6 млн. 172 минг бош наслли паррандалар парвариш қилинмоқда.

Инспекция органлари томонидан жорий йилда паррандачилик соҳасида қонунчилик ижросини таъминланиши юзасидан 400 тадан ортиқ назорат тадбирлари ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021 йилда республикага импорт қилинадиган бир кунлик 1 млн. бошдан ортиқ наслдор жўжалар учун субсидиялар ажратилиши назоратга олинади.

Бундан ташқари, Республикада жорий йилда паррандалар бош сони 99,4 млн. бошга, тухум ишлаб чиқариш 8,1 млрд. донага, шу билан бирга 250 минг тоннадан ортиқ парранда гўшти ишлаб чиқарилиши тўлиқ назоратга олинади.

"Ўзагроинспекция" Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш бошқармаси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech