Ру Ўз O`z En

Ғарамларда сақланаётган уруғлик пахта хомашёсини сифатли сақланиши инспекция назоратида

16 Ноябрь 2023 1379

Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиб олиш ва уни белгиланган стандарт тартибларга риоя этган ҳолда сақлаш муҳим жараён ҳисобланади. Сабаби, келгуси йил ҳосилининг мўл бўлиши уруғлик чигитнинг сифатли бўлиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Хусусан, жорий йилда мавжуд пахта-тўқимачилик кластерларига қарашли уруғлик пахта қабул қилиш корхоналари томонидан 133 минг тонна, шундан 95 минг тонна асосий фонд, 38 минг тонна захира фонд учун қабул қилинган.

Ушбу жамғарилган уруғлик пахтанинг 5,5 минг тоннаси 114 та омборхоналарда ва 127,3 тоннаси 714 та ғарамларда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида нав ва авлодлар бўйича алоҳида сифатли сақлаб келинмоқда.

Шунингдек, масканларда жамғарилган уруғлик пахтанинг 708 та ғарами бир марта, 627 та ғарами икки марта ҳамда 108 та ғарами уч мартадан ҳаво сўргич мосламаларидан ўтказилди.

Бугунги кунда, ғарамларда сақланаётган уруғлик пахта хомашёси стандарт талаблари асосида брезент ёпинғичлар билан ёпилганлиги, туннель қазилганлиги, қирқиш ва тараш ишлари бажарилганлиги бўйича 174 назорат тадбирлари олиб борилиб, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан масъулларга нисбатан 170 та огоҳлантиришлар, 83 та ёзма кўрсатмалар, 5 та тақдимнома ва 1 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси билан биргаликда уруғлик қабул қилувчи пахта тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ва элита уруғчилик хўжаликлари ўртасида 2023-йил ҳосилидан жамғарилган уруғлик пахта хомашёси ғарамларининг дастлабки сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича синовлар ўтказиш юзасидан шартномалар тузилиб, ушбу тадбирлар давом этмоқда.

 

Х.Асфандиёров, Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни назорат олиш бошқармаси етакчи мутахассиси

Text to speech