Ру Ўз O`z En

Ғўза агротехникасини нотўғри бажарган кластер ва фермер хўжалиги раҳбарларига огоҳлантиришлар берилди

19 Июль 2024 515

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан жойлардаги ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши устидан мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.

Вилоятда бугунги кунда, 19 та пахта кластерлари ҳамда 6 минг 358 та фермер хўжаликлари томонидан жами 133 минг 050 гектар, шундан, 13 минг 317 гектар хорижий навлар экилган бўлиб, қолган 119 минг 733 гектар майдонларга эса маҳаллий навлар парваришланмоқда.

Айни вақтда ғўза майдонларнинг 39 минг 972 гектари (30%) “1-2 кўсак”, 46 минг  412 гектари (34,9%) “3-4 кўсак”, 46 минг 666 гектари (35.1%) “5-6 кўсак” фазасида ривожланмоқда.

Вилоятда мавжуд жами 2 минг 357 дона культиваторлардан, 1 минг 999 та культиваторлар культивация ишларига жалб қилинган бўлиб, бугунги кунгача 6,2 мартадан зиёд ер майдонидаги ғўзага ишлов берилди, 3-озиқлантириш ишлари 81 минг 495 гектар (61,3%) майдонларда амалга оширилди, шунингдек, ғўза майдонларида 126 минг 203 гектар 1-суғориш (94,9%), 28 минг 54 гектар (21,1%) 2-суғориш ишлари бажарилган, 18 минг 341 гектар (13,8%) майдонда чилпиш ишлари амалга оширилган.

Культиваторларнинг ҳосил элементларига зарар етказмаслигини таъминлаш мақсадида ишчи органларини “балиқ сирти” қилиб ўраш юзасидан Ўзагроинспексиянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда. 

“Ушбу агротехник тадбирнинг муҳимлиги шундаки, култиваторлар ишчи органларини “балиқ сирти” қилиб ўраш ғўза ҳосилини механик таъсир натижасида тўкилишдан ҳимоя қилади.  Культиваторлар ишчи органлари “балиқ сирти” қилиб ўралиб, чопиқ тракторининг олд ва орқа ғилдираклари олдига махсус йўналтиргичлар (обтекателлар) ўрнатилади.  

Ишчи органларнинг ўрнатилган сони, уларнинг жойлашув схемаси, ғўза қатор оралиғининг кенглиги ва чуқурлиги бўйича ростланиши муҳим аҳамият касб этади ва ғўза ҳосил элементларини ривожлантиради.

Муҳим агротехник тадбир ҳисобланган культивация ёки ғўза ниҳолларини бўғизини юмшатиш ишларини ўз вақтида бажарилмаса, жўяк юзалари ёрилиб, ғўза ён томирларининг узилишига олиб келади. Культиваторларнинг яроқсиз ишчи органлари ўз вақтида алмаштирилмаса ва ишчи органлар “балиқ сирти” қилиб ўралмаса, ғўза кўчатидаги ривожланган гул, шона ва кўраклар, ўралмасдан очиқ қолган култиваторнинг рамасига, болт ва бошқа қисмларига урилиб нобуд бўлишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ғўза ҳосил элементларининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

"Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб борилиб, ғўза парваришига масъул соҳа мутасаддиларига нисбатан 31 та тақдимнома ва кластер ҳамда фермер хўжалик раҳбарларига 2 минг 116 та огоҳлантириш хатлари берилди.

Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати

 

Text to speech