Ру Ўз O`z En

Сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш

 “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси тўғрисида”ги

 НИЗОМ

 I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси (кейинги матнда – бошқарма деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги матнда - Инспекция деб юритилади) мустақил таркибий тармоғи ҳисобланади.

Бошқармада:

- Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни

назорат қилиш бўлими;

- Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими фаолият кўрсатади.

  1. Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Инспекция ҳайъати қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари ҳамда мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади.
  2. Бошқармада (тезкор) йиғилишлар ўтказиб борилади, алоҳида муҳим масалалар Инспекция ҳайъати мажлисларида муҳокама қилиниши мумкин.
  3. Бошқарма белгиланган ваколатлари доирасида ўз фаолиятини Инспекция Марказий аппаратининг (кейинги матнда - марказий аппарат деб юритилади) таркибий тармоқлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туман (Қувасой шаҳар) бўлимлари (кейинги матнда – қуйи турувчи инспекциялар деб юритилади), Инспекция қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ташкил этади.
  4. Бошқарма ходимлари қуйи турувчи инспекциялар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш тармоқлари (кейинги матнда - қуйи тармоқлар деб юритилади) фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан шахсан жавобгардирлар.
  5. Қуйи тармоқлар ўз фаолиятларини мазкур Низом талаблари асосида амалга оширадилар.

 

II. БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ:

 

  1. Инспекция тизимида сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Инспекция ҳайъати қарорлари ва иш режалари, Инспекция бошлиғининг буйруқ ва кўрсатмалари ижросини қатъий таъминлаш.

Мазкур соҳада қуйи турувчи инспекциялар фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, услубий ва амалий таъминлаш;

  1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ
    ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш йўналишида қонунийлик аҳволи ва назорат амалиётини тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бунга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш.

Мазкур соҳада қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва Инспекция фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

  1. Инспекция томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, фаолиятни такомиллаштириш ва самарадорликни оширишга доир топшириқ, кўрсатма ва таклифлар тайёрлаш;
  2. Марказий аппарат таркибий тармоқлари, манфаатдор вазирлик
    ва идоралар билан биргаликда қонунбузилишларнинг содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни барҳам топтиришга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  3. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳасини ислоҳ қилиш билан боғлиқ қисмини оғишмай ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш, олиб борилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган омиллар ва тизимли камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш;

  1. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш;
  2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида:

- сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартибга сув хўжалиги ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари
ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан қатъий риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- сув хўжалиги объектларидан сув олиш лимитларини (вегетация
ва новегитация даври учун) тасдиқланганлиги, уларга риоя қилиниши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига амал қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

- сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган дастлабки сув миқдорининг ҳисоби тўғри ва аниқ юритилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув ресурслари билан таъминланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги
ва гидротехника иншоотларининг самарали ишлатилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

- сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилар жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар ва бошқалар)дан олинадиган сувлардан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш;

- сув ва сув хўжалиги объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехник ва бошқа ишларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- давлат сув кадастрини қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- сув ресурслари ва сув хўжалиги объектларидан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- ирригация ва мелиорация объектлари, гидротехник иншоотлари қуриш ҳамда реконструкция қилишда белгиланган стандартларга риоя этилиши, шунингдек, ажратилган бюджет маблағлари мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни амалга ошириш.

  1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида:

- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фермер, деҳқон хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ажратиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар бузилишининг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши, бунда масъул шахслар томонидан хизмат мавқеи суиистеъмол қилинишига, қариндош-уруғчилик муносабатларидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги устидан назоратни амалга ошириш;

- ерлардан қатъий равишда мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонларини муомаладан чиқарилишига йўл қўйилмаслиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича қабул қилинган шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан ерлардан самарали фойдаланиши, тупроқ унумдорлиги сақланиши ва оширилиши таъминланиши, шунингдек, ушбу мақсадда қабул қилинган дастурларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- фойдали қазилмалар конларини кавлаш, қурилиш ва бошқа ер ишларини амалга ошириш учун берилган қишлоқ хўжалиги ерларини уларга эҳтиёж қолмаганидан кейин қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун ўз ҳисобидан яроқли ҳолатга келтириш бўйича вазифалар ва мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда тупроқ сифатини аниқлаш (бонитировка) натижаларини, бузилган ерларни рекультивация қилишни, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларнинг тўғри юритилиши
ва давлат ер кадастрини юритиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

- ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш;

- ердан мақсадсиз фойдаланилиши, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, уларнинг ҳосилдорлиги пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келган бошқа ҳаракатларнинг содир этилиши, шунингдек, таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартиби бузилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- Инспекция фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ер ресурсларидан мақсадли
ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб борувчи органлар билан биргаликда ер муносабатларини тартибга солиш ҳамда ерлардан нооқилона фойдаланилишининг ўз вақтида олдини олишга қаратилган тизимли ишларни мунтазам ташкил этади, тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боради.

  1. Қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора- тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли ҳамда танқидий таҳлил қилиш;
  2. Соҳада ҳуқуқни қўллаш фаолиятини назорат қилиш натижалари бўйича умумлаштиришлар ўтказиш, ахборот-таҳлилий материаллар ҳамда қонун ҳужжатларида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  3. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланиш соҳасида суиистеъмолчилик ва қонунбузилишига йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича таклиф киритиш;
  4. Соҳада ўтказилган текширишлар ҳамда келиб тушган ариза, хабар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, улар бўйича текширув ўтказиш;
  5. Қуйи тармоқлар томонидан соҳада ўтказилган текширишлар натижасига кўра кабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини ўрганиш;
  6. Қуйи тармоқлар томонидан қўлланилган назорат ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва сифатини ҳар ойда ўрганиш, уларни бир хилда қўлланилиши юзасидан чоралар кўриш;
  7. Фуқароларни қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  8. Мурожаатлар ва бошқа маълумотлар, мониторинг ва таҳлиллар натижалари асосида, шунингдек, Инспекция аралашуви талаб қилинадиган ҳолларда текширишлар ўтказиш, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан чоралар кўриш;
  9. Қонунчиликни тарғиб қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, идоравий ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Ходимлар малакасини ошириш юзасидан тадбирлар ўтказиш, ижобий иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш;

  1. Тизимли таҳлил асосида Марказий аппаратнинг ярим йиллик иш режаларига таклифлар киритиш, бошқарманинг иш режасини тузиш
    ва ижросини таъминлаш;
  2. Белгиланган муддатларда статистик ҳисоботларни тузиш. Амалга оширилган ишлар ҳақида Инспекция раҳбариятига мунтазам ахборот бериб бориш;
  3. Инспекция раҳбарияти топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга ошириш.

 

III. БОШҚАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ:

  1. Бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бошқармада кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар, маълумот, хулосалар ва бошқа ахборотларни бошқа таркибий бўлинмалардан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

юкланган вазифалар доирасида давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш, белгиланган тартибда текширишларни амалга ошириш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

бошқа идораларда ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан хулосалар бериш;

ўрганиш ёки таҳлил (мониторинг) натижалари бўйича тегишли органлар раҳбарларига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш, ёзма кўрсатмалар бериш, маъмурий ва молиявий жарималар қўллаш, шунингдек қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларига тегишли чоралар кўриш бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган даъволар ҳамда аризалар юзасидан давлат божисиз судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;

Раҳбарият топшириғи асосида, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш, ушбу идоралар йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

зарур ҳолларда давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;

ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, халқаро, хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматга қарашли муассасалар билан белгиланган тартибда ёзишмалар олиб бориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар, семинарлар ва йиғилишларда, шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ва маҳаллий лойиҳаларда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Бошқарма:

- ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

 -соҳадаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириши учун жавоб беради.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

IV. БОШҚАРМА ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ

 

  1. Бошқарма фаолиятининг ташкил этилиши ходимлар ўртасида хизмат вазифаларни соҳа-минтақа тамойили ва ўриндошлик асосидаги иш тақсимотига мувофиқ амалга оширилади.
  2. Бошқарма фаолиятига бошқарма бошлиғи раҳбарлик қилади. Бошқармада бўлим бошлиқлари, бош ва катта инспекторлар фаолият кўрсатади.
  3. Бошқарма бошлиғи:

- бошқармага умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади, бошқармага юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

- Инспекция раҳбарияти билан келишган ҳолда бошқарма ҳодимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

- қуйи турувчи инспекциялар ва бошқа идораларда текширишлар ўтказилишини, уларга амалий ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштиради;

- бошқармага юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун белгиланган тартибда мутахассисларни жалб қилади;

- Инспекция бошлиғига бошқармага кадрларни танлаш масаласида таклифлар киритади;

- хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўради, ходимлар ўртасида ножўя хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тадбирларини ташкиллаштиради, ходимларни рағбатлантириш
ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади;

- иш юритишнинг Инспекция идоравий ҳужжатлари асосида олиб борилишини ташкил этади, бошқарма иш юритувчиси фаолиятини назорат қилади;

- йиғилишлар (тезкор) ўтказади, бошқарма, қуйи турувчи инспекциялар ходимларининг ҳисоботларини эшитади;

- фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар киритади;

- статистик ҳисоботлар тузилишини таъминлайди ва унинг ҳаққонийлигига шахсан масъул бўлади;

- амалга оширилган ишлар тўғрисида Инспекция раҳбариятига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

  1. Бўлим бошлиқлари:

- бўлимга умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади, бўлимга юклатилган вазифаларнинг сифатли
ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

- бўлим ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш ҳақида бошқарма

бошлиғига таклифлар киритади;

         - қуйи турувчи инспекциялар ва бошқа идораларда текширишлар ўтказилишини, уларга амалий ёрдам кўрсатилишида қатнашади;

- бўлимга юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун белгиланган тартибда мутахассисларни жалб қилиш ҳақида бошқарма бошлиғига таклиф киритади;

- бошқарма бошлиғига бўлимга кадрларни танлаш юзасидан таклифлар киритади;

- хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўради, ходимлар ўртасида ножўя хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини

олиш тадбирларини ташкиллаштиради, ходимларни рағбатлантириш
ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади;

- иш юритишнинг Инспекция идоравий ҳужжатлари асосида олиб борилишини ташкил этади;

- йиғилишлар ўтказади, бўлим, қуйи турувчи инспекциялар ходимларининг ҳисоботларини эшитади;

- фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар киритади;

- статистик ҳисоботлар тузилишини таъминлайди ва унинг ҳакқонийлигига шахсан масъул бўлади;

- амалга оширилган ишлар тўғрисида Инспекция раҳбарияти
ва бошқарма бошлиғига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

  1. Бош ва катта инспекторлар:

- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, Инспекция ҳайъати қарорлари ва иш режалари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмалари талабларига сўзсиз риоя этадилар;

- вазифалар тақсимотига мувофиқ бўлимга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этадилар;

- қуйи турувчи инспекциялар, бошқа орган ва муассасалар фаолиятини текширишда қатнашадилар, уларга амалий ёрдам кўрсатадилар, назорат ҳужжатларни қўллаш юзасидан таклиф киритадилар;

- Инспекция фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар киритадилар.

- бошқарма ва бўлим бошлиғининг топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга оширадилар.

 

V.ИШ ЮРИТИШ

 

  1. Бошқармада иш юритиш Инспекциянинг идоравий норматив ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
  2. Бошқарма ходимлари хизмат ҳужжатлари ва моддий қимматликларнинг бутлиги ва сақланиши учун шахсан жавобгардирлар.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech