Ру Ўз O`z En

Чорвачиликда наслчилик

 “Чорвачиликда наслчилик ишини
назорат қилиш бошқармаси тўғрисида”ги

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар:

 

  1. Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бошқармаси (кейинги ўринларда – бошқарма деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги матнда – Инспекция деб юритилади) мустақил таркибий тармоғи ҳисобланади.
  2. Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Наслчилик тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва бошқа қонун ҳужжатлари, Инспекция ҳайъати қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари ҳамда мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади.
  3. Бошқармада йиғилишлар (тезкор) ўтказиб борилади, алоҳида муҳим масалалар Инспекция ҳайъати мажлисларида муҳокама қилиниши мумкин.
  4. Бошқарма белгиланган ваколатлари доирасида ўз фаолиятини Инспекция марказий аппарати (кейинги матнда - марказий аппарат деб юритилади) таркибий тармоқлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туман (Қувасой шаҳар) бўлимлари (кейинги матнда - қуйи турувчи инспекциялар деб юритилади), Инспекция қошидаги “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси (кейинги матнда – унитар корхона), шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда ташкил этади.
  5. Бошқарма ходимлари қуйи турувчи инспекциялар чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш тармоқлари (кейинги матнда - қуйи тармоқлар деб юритилади) фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан шахсан жавобгардирлар.
  6. Қуйи тармоклар ўз фаолиятларини мазкур Низом талаблари асосида амалга оширадилар.

 

II. Бошқарманинг асосий вазифалари:

 

  1. Инспекция чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш фаолиятига оид норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамаси ва Инспекция бошлиғининг буйруқ, кўрсатмалари ва бошқа топшириқлари, Инспекция ҳайъати қарорлари ва иш режалари ижросини қатьий таъминлаш;

мазкур соҳада қуйи турувчи инспекциялар фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, услубий ва амалий таъминлаш;

  1. Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш йўналишида қонунийлик аҳволи ва назорат амалиётини тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бунга имкон берган сабаб ва шарт - шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

мазкур соҳада қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва Инспекция фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

  1. Инспекция томонидан чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, фаолиятни такомиллаштириш ва самарадорликни оширишга доир таклифлар тайёрлаш;
  2. Марказий аппарат таркибий тармоқлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунбузилишларнинг содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт - шароитларни барҳам топтиришга қаратилган таъсирчан чора - тадбирларни ишлаб чиқиш;
  3. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг наслчилик ишларини ислоҳ қилиш билан боғлиқ қисмини оғишмай ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш, олиб борилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган омиллар ва тизимли камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш;
  4. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама ҳуқуқий қўллаб - қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш;
  5. Наслчилик корхоналари ва хўжаликлари томонидан етказиб бериладиган наслдор ҳайвонлар сифат (насл) кўрсаткичларини тўғри аниқланганлигини назорат қилиш;
  6. Наслдор ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ва улар уруғларини экспорт ва импорт қилиниши устидан назорат қилиш;
  7. Чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги ҳисоботларнинг юритилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  8. Мулкчилик шаклидан қатъий назар чорвачиликда наслчилик ишлари билан шуғулланувчи субъектларни фаолияти устидан назорат қилиш;
  9. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  10. Наслчилик хўжаликларидаги наслдор чорва ҳайвонлари ҳисоби рўйхатдан ўтказилиши ва селекция жараёнида фойдаланадиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги ва тури бўйича сифатли баҳоланиши ҳамда уларни ишончли рўйхатга олиниши устидан назоратни амалга ошириш;
  11. Чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган омухта ем, шелуха, шрот маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари устидан назоратни амалга ошириш;
  12. Наслли маҳсулот (материал)ни ишлаб чиқариш ва унинг технологик жараёнларини ташкил этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  13. Қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли ҳамда танқидий таҳлил қилиш;
  14. Соҳада ҳуқуқни қўллаш фаолиятини назорат қилиш натижалари буйича умумлаштиришлар ўтказиш, ахборот-таҳлилий материаллар ҳамда қонун ҳужжатларида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  15. Наслчилик соҳасида қонунбузилишига йўл қуйган шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича таклиф киритиш;
  16. Қуйи тармоқлар томонидан қўлланилган назорат ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва сифатини ҳар ойда ўрганиш, уларни бир хилда қўлланилиши юзасидан чоралар кўриш;
  17. Фуқароларни қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  18. Мурожаатлар ва бошқа маълумотлар, мониторинг ва таҳлиллар натижалари асосида, шунингдек, Инспекция аралашуви талаб қилинадиган ҳолларда текширишлар ўтказиш, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан чоралар кўриш;
  19. Қонунчиликни тарғиб қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, идоравий ва норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Ходимлар малакасини ошириш юзасидан тадбирлар ўтказиш, ижобий иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш;

  1. Тизимли таҳлил асосида марказий аппаратнинг ярим йиллик иш режаларига таклифлар киритиш, бошқарманинг иш режасини тузиш ва ижросини таъминлаш;
  2. Белгиланган муддатларда статистик ҳисоботларни таҳлил қилиб чиқиш;

амалга оширилган ишлар ҳақида Инспекция раҳбариятига мунтазам ахборот бериб бориш;

  1. Инспекция раҳбарияти топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга ошириш.

 

III. Бошқарманинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги:

  1. Бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бошқармада кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар, маълумот, хулосалар ва бошқа ахборотларни бошқа таркибий бўлинмалардан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

идоравий мансублигидан қатъий назар наслчилик ташкилотларига монеликсиз кириш ва улардан зарур ахборотларни олиш, қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, наслли маҳсулотни (материални) реализация қилишни тўхтатиб туриш;

ҳайвонлар селекцияси, наслли маҳсулотни (материални) такрор кўпайтириш соҳасида янги технологияларнинг ва биотехнология усулларининг қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

наслли маҳсулотнинг (материалнинг) сертификатсиз реализация қилинишига ва ундан бошқача тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик;

юкланган вазифалар доирасида давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш, белгиланган тартибда текширишларни амалга ошириш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

бошқа идораларда ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан, шунингдек наслчилик субъектлари ўртасида юзага келадиган низолар бўйича хулосалар бериш;

ўрганиш ёки таҳлил (мониторинг) натижалари бўйича тегишли органлар раҳбарларига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш, ёзма кўрсатмалар бериш ёки қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларига тегишли чоралар кўриш бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган даъволар ҳамда аризалар юзасидан давлат божисиз судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;

Раҳбарият топшириғи асосида, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш, ушбу идоралар йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

зарур ҳолларда давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;

ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, халқаро, хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматга қарашли муассасалар билан белгиланган тартибда ёзишмалар олиб бориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар, семинарлар ва йиғилишларда, шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ва маҳаллий лойиҳаларда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. 32. Бошқарма:

- ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

- -идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириши учун жавоб беради.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

IV.Бошқарма фаолиятини ташкил этиш:

 

  1. 33. Бошқарма фаолиятини ташкил этилиши ходимлар ўртасида хизмат вазифаларни соҳа - минтақа тамойили ва ўриндошлик асосидаги иш тақсимотига мувофиқ амалга оширилади.
  2. Бошқарма фаолиятига бошқарма бошлиғи раҳбарлик қилади.

Бошқармада бошлиқ ўринбосари, бош ва катта инспекторлар фаолият кўрсатади.

  1. Бошқарма бошлиғи:

- бошқармага умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади, бошқармага юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

- Инспекция раҳбарияти билан келишган ҳолда бошқарма ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

-  текширишлар ўтказилишини, уларга амалий ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштиради;

- бошқармага юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун белгиланган тартибда мутахассисларни жалб қилади;

- Инспекция бошлиғига бошқармага кадрларни танлаш масаласида таклифлар киритади;

- хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўради, ходимлар ўртасида ножуя ҳатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тадбирларини ташкиллаштиради, ходимларни рағбатлантириш ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш буйича таклифлар киритади;

- иш юритишнинг Инспекция идоравий ҳужжатлари асосида олиб борилишини ташкил этади, бошқарма иш юритувчиси фаолиятини назорат қилади;

- (тезкор) йиғилишлар ўтказади, бошқарма, қуйи турувчи инспекциялар ходимларининг ҳисоботларини эшитади;

- фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш буйича таклифлар киритади;

- статистик ҳисоботларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилади ва амалга оширилган ишлар тўғрисида Инспекция раҳбариятига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

  1. Бошлиқ ўринбосари, бош ва катта инспекторлар:

- норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамаси Раёсат йиғилиши ва Инспекция ҳайъати қарорлари ва иш режалари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмалари талабларига сўзсиз риоя этадилар;

- вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқармага юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этадилар;

- қуйи турувчи инспекциялар, бошқа орган ва муассасалар фаолиятини текширишда қатнашадилар, уларга амалий ёрдам кўрсатадилар, назорат ҳужжатларини қўллаш юзасидан таклиф киритадилар;

- Инспекция фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш буйича таклифлар киритадилар;

- бошқарма бошлиғининг топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга оширадилар;

- бошқарма бошлиғи бўлмаганда раҳбарият топшириғига асосан, унинг вазифаларини бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлмаганда унинг вазифаларини бош инспектор, бош инспектор бўлмаганда унинг вазифаларини катта инспекторлар бажаради.

 

V. Иш юритиш:

 

  1. Бошқармада иш юритиш Инспекциянинг идоравий норматив ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

38. Бошқарма ходимлари хизмат ҳужжатлари ва моддий қимматликларнинг бутлиги ва сақланиши учун шахсан жавобгардирлар.

Text to speech