Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисидаги” Қонунида ва ҳукуматнинг тегишли қарорларида, қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўйича Ўзагроинспекцияга бир қатор ваколат ва вазифаларлар белгилаб берилган.
Мазкур вазифаларни бажарилишида, ҳар йили январь ойида уруғликларни тайёрлаш, қайта ишлаш, дорилаш ва сақлаш жараёнларининг норматив ҳужжатлар талаблари асосида ташкил қилинишини назорат қилиб бориш мақсадида, кўргазмали амалий семинарлар ўтказиш анъанага айланган.
Жорий йилда навбатдаги семинар Хоразм вилоятнинг Хонқа туманидаги “Узбек бест сеэдс” МЧЖ корхонасида ташкил қилиниб, унда вилоят ва туманларнинг мутасадди ташкилот раҳбарлари, туман ҳокимларининг Қишлоқ ва сув хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, уруғлик тайёрловчи кластер корхоналари ва элита уруғчилик хўжаликлари масъуллари иштирокида ташкил этди.
Уруғлик чигит тайёрлашда Вазирлар Маҳкамасининг 641-сон қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган талабларга риоя қилиниши, ва маҳсулот етиштирувчиларни сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш бўйича ҳар бир масъул ходимлар виждонан ёндашиши лозимлиги таъкидланди.
Хоразм вилояти туманларида 2025 йил ҳосили учун ғўза навлари жойлаштириш режаси 82,7 минг гектар бўлиб, шундан Хоразм-127 нави 42,4 минг гектар, Хоразм-150 нави 15,2 минг гектар, меҳнат нави 8,1 минг гектар, Султон нави 254 гектар, СП-40 нави 160 гектар ва янги навлар 2,4 минг гектар ҳамда хорижий навлар 14,1 минг гектарга экилиши режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятда жорий йилда экилиши режалаштирилган 82,7 минг гектар пахта майдонларининг 31,4 минг гектарига тукли ва 51,3 минг гектарига туксиз уруғлик чигит экиш белгиланган бўлиб, ушбу майдонлар учун 3,7 минг тонна уруғлик чигит талаб этилиши кўзда тутилган.
Кўргазмали семинар давомида уруғлик чигит тайёрлаш босқичлари, қўлланиладиган препаратлар турлари, туксизлантирилган чигит экишнинг афзалликлари ва дориланган уруғлик чигитни сақлаш қоидалари хусусида тўхталиб ўтилди.
Ўзагроинспекциянинг Хоразм вилоят бошқармаси