Ру Ўз O`z En

Кузатилган давомли ёмғирларнинг бошоқли дон экинларига таъсири ва агротехник тадбирлар ( Мақола)

28 Март 2022 2966

Буғдой дунё аҳолисининг ҳаёт кечиришида энг зарур бўлган қишлоқ хўжалиги экини ҳисобланиб, Жаҳонда етиштирилаётган буғдойнинг 75% и озиқ-овқат маҳсулотлари сифатида, 15% и чорва учун, 10% и эса уруғлик мақсадларида ишлатилади.

Шу сабабли республика бўйича 2022 йили ғалла ҳосили учун ғаллачилик билан шуғулланаётган жами 201 кластерлар35 минг 800 фермер хўжаликлари томонидан 1 млн. 30 минг гектардан ортиқроқ сувли майдонларга кузги бошоқли дон экинларининг 56 та селекцион навларидан Алексееич, Аср, Гром, Бобур, Давр, Васса, Ғозғон, Антонина, Бунёдкор, Безостая-100, Дурдона, Веха ва бошқа навлар экилиб парваришланмоқда.

Хусусан, республикада куз ва қиш мавсумида ҳавонинг қуруқ ва илиқ келиши ҳудудларда йиллик ёғингарчилик миқдори жуда кам бўлганлиги ҳисобига, бошоқли дон экинлари ўсишдан тўхтамади ва аксарият кеч экилган майдонларда ҳам тўлиқ кўчат олишга эришилди.

Шунингдек эрта баҳорги ғалланинг минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари ҳам ўз муддатларида белгиланган меъёр асосида амалга оширилган бўлишига қарамасдан, республиканинг аксарият ҳудудларида сув захираларининг камлиги ҳисобига ғалланинг пешма-пеш суғориш ишлари кечикмоқда эди.

Ғаллаорол агрометеорология станцияси маълумотлари кўра 2021-2022 қишлоқ хўжалик йилида об-ҳаво шароитлари куз ва қиш ойларида қурғоқчил бўлиб, ёғингарчилик миқдори феврал ойигача 98,6 мм ни ташкил қилиб ўртача кўп йилликка нисбатан -100 мм кам бўлганлигини кўрсатган.

Бироқ, жорий йилда сув танқислиги кузатилаётган бир вақтда март ойидаги давомли ёмғирлар 2022 йил 05 мартдан 25 март кунига қадар 160, 4 мм ни ташкил этиб, жами йиллик 259,0 мм ташкил этиши ва бу ўртача кўп йиллик миқдор (239,4 мм) 21,4 мм кўп бўлганлиги сабабли ғалла майдонларига жуда ҳам ижобий таъсир кўрсатди (Ғаллаорол агрометеорология станцияси маълумоти).

Биринчидан жорий йилнинг 25 март кунига қадар 160 мм дан ортиқ тушган ёғингарчилик миқдори ғалла майдонларини гектарига 1200-1400 м3 ҳисобида (бир марта сув сарфи 600-700 м3) бу эса ерни намланиши ҳисобига икки марта сифатли суғоришга тенг бўлган сувни иқтисод қилинишига олиб келди;

Иккинчидан ғалла майдонлар ёмғирлар орқали суғорилиши эвазига солинган минерал ўғитларнинг эрозияга учрамасдан самарадорлиги кескин ортиб, ғалла майсалари ўғитларни ўзлаштириш ҳисобига жадал ўсишига имкон яратди;

Учинчидан нормал ҳаво ҳароратида (+10+150С) ёғингарчиликнинг давом этиши ғалланинг илдиз тизими тупроқдаги озиқ моддалардан интенсив фойдаланиб чуқур ўсиши ҳисобига, ғалла майсаларида тупланиш даражаси ошиб маҳсулдор поялар сонини 2-3 та тупга кўпайиб келгусида юқори ҳосил олишини таъминлайди;

Тўртинчидан давомли ёмғирлар ғалла майдонларини суғоришга сарфланадиган сувларини тежалиши натижасида сув омборларига йиллик истеъмол учун сув захиралари йиғилиши ва бошоқли дон экинларидан ташқари, боғлар ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари парваришлашга замин яратди.

Бу эса ўз навбатида миришкор деҳқонларимиз томонидан парваришланаётган ғалланинг ривожланишига, ўсув даврининг узайишига, ўсимлик вегетатив массасининг ошишининг самараси ўлароқ ғалла майдонлардан юқори ҳосилдорлик олишга олиб келмоқда.

Шуни унутмаслигимиз керакки, кўп йиллик кузатувларга кўра баҳор ойлари серёғин келган йиллари ғаллазорларда зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлар фаол ривожланишига замин яратади.

Жумладан, замбуруғли касалликлар (сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, септариоз, илдиз чириш) айниқса сариқ занг касаллиги ғалла зорларга талафоти юқори бўлиб 130С да қулай ўсади ва 230С гача давом этади ҳамда ҳаво ҳарорати 15-25 даража бўлганда эса қўнғир занг касаллиги кенг тарқалишига шароит яратилади ҳамда эрта баҳордаги етарли намлик ва нисбатан иссиқ об-ҳаво ғаллазорларда бегона ўтларнинг жадал ривожланишига олиб келади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзагроинспекция” ҳамда соҳанинг тегишли вазирлик идоралари билан ҳамкорликда республикамиздаги ғалла майдонларидан юқори ҳосил олиш мақсадида ғалланинг занг ва бошқа касалликларга, бегона ўтларга ҳамда зараркунанда ҳашаротларга қарши кимёвий курашиш бўйича профилактик ишлов бериш ишлари ўз вақтида бажарилишини назоратга олинади.

 Ш.Хайитов, Дон экинлари уруғлари  етиштирилишини назорат қилиш бўлим бошлиғи                                                               


 

Text to speech