«Ўзагроинспекция»га юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, республикада 2025 йил ҳосили учун кузги ғалла экиш ишларининг бориши ҳамда экилган майдонларда бугунги кунда амалга оширилаётган агротехник тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан жойларда доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, ғалла парвариши бўйича Инспекция томонидан ҳудудларда 8090 та назорат тадбирлари ўтказилиб, ушбу тадбирлари давомида 8515 та фермер хўжаликларининг 54 минг гектар ғалла экилган майдонларида агротехник тадбирлар кечиктирилганлиги ёки сифатсиз амалга оширилганлиги аниқланди.
Хусусан, 1 928 та фермер хўжаликларининг 9,6 минг гектар майдонида ғалла сийрак униб чиққанлиги, 629 та фермер хўжаликларининг 2,6 минг гектар ғалла майдонлари бугунги кунда ривождан орқада қолганлиги, шунингдек, 1668 та фермер хўжаликлари томонидан 9 минг гектар майдонда суғориш ишлари сифатсиз ўтказилганлиги, 3989 та фермер хўжаликлари томонидан 30 минг гектар ғалла майдонларига умуман маҳаллий ўғит чиқармаганлиги аниқланди.
Аниқланган ушбу камчиликлар юзасидан Инспекция томонидан зарурий таъсир чоралари кўрилиб, маҳаллий ҳокимликлар ва соҳа масъулларига 157 та тақдимнома, 7870 та фермер хўжаликларига огоҳлантиришлар берилди.
Кузги бошоқли дон экилган майдонларда агротехник тадбирларнинг ўтказилиши Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан мавсум давомида доимий назорат қилиб борилади.
Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими