Ру Ўз O`z En

ХОРАЗМДА СУВ ИСТЕЪМОЛИГА ОИД ҚОНУНЧИЛИК НАЗОРАТДА

14 Декабрь 2022 932

Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга кўра, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши шарт ҳисобланади.

Лекин жойларда сув истеъмолчиларининг барчаси ҳам қонун билан юклатилган мазкур мажбуриятга доим ҳам амал қилавермайди.

 Хусусан, Инспекциянинг Хоразм вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида 2 691 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, назорат тадбирлари давомида 2 161 та қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйилгани аниқланган.

 Жумладан, энг кўп Хазорасп туманида 413 та, Хонқада 283 та, Қўшкўпирда 251 та, Гурланда 229 та қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

 Қонунбузилишларнинг аксарият қисми (87 фоизи) сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш натижасида содир этилмоқда.

 Ўтказилган назорат тадбирлари давомида экин майдонларини кўллатиб суғориш ва сувни коллектор-зовур тармоқларига оқизиб қўйилишига йўл қўйилмоқда- дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бош инспектори Х.Давлетов. - Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди.

 Шунингдек, қонун бузилишини эрта олдини олиш мақсадида профилактика тадбирларини ўтказишга эътибор кучайтирилди. Натижада 139 та ҳолатда кўллатиб суғориш ҳолатлари бартараф этилди, 68 та ҳолатда сувни коллектор-зовур тармоқларига оқизиш ва яна 1172 та ҳолатда сув истеъмоли билан боғлиқ шартномалар расмилаштирилди ва бошқа қонунбузилишларнинг олди олинди. Дарҳақиқат, юқорида таъкидланганидек, ҳудудлардаги айрим сув истеъмолчилари белгиланган тартибга доим ҳам амал қилмайди.

 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган камчилликлар юзасидан Инспекциянинг Хазорасп туман бўлими томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 29 та маъмурий жарима, 32 та жарима санкция қўлланилди, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Хазорасп тумани бўлими катта инспектори Қурбанов Аллаёр. - 34 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судларга киритилиши таъминланди.

 Масалан, Хазорасп туманида фаолият юритиб келаётган “Хазорасп текстил” МЧЖ томонидан лимитдан ортиқча сув олганлиги Хива тумани “Саёт” ҳудудидаги “Саъдулла Сўнажон” фермер хўжалиги томонидан эса сувни ўзбошимчалик билан олганлиги аниқланиб, тўпланган материаллар кўриб чиқишлик учун судларга киритилди.

Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мазкур йўналишдаги назорат ва профилактик тадбирлар давом этмоқда. 

 

“Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech