МИЛЛИЙ ҚИДИРУВ ТИЗИМИДА СТАНДАРТЛАРНИ ТОПИШ
_____________________________________
“Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими тўғрисида”ги
НИЗОМ
I.Умумий қоидалар:
- Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими (кейинги матнда – бўлим) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги матнда – Инспекция) мустақил таркибий тармоғи ҳисобланади.
- Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни бахолаш тўғрисида”ги, “Техник жихатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Инспекциянинг ҳайъати қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари ҳамда мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади.
- Бўлимда йиғилишлар ўтказиб борилади, алоҳида муҳим масалалар Инспекция ҳайъати мажлисларида муҳокама қилиниши мумкин.
- Бўлим белгиланган ваколатлари доирасида ўз фаолиятини Инспекция марказий аппаратининг (кейинги матнда - марказий аппарат деб юритилади) таркибий тармоқлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туман (Қувасой шаҳар) бўлимлари (кейинги матнда – қуйи турувчи инспекциялар деб юритилади), Инспекция қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхона (кейинги матнда –унитар корхона деб юритилади), шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ташкил этади.
- Бўлим ходимлари қуйи турувчи инспекциялар меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология тармоқлари (кейинги матнда – қуйи тармоқлар деб юритилади) фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан шахсан жавобгардир.
- Қуйи турувчи инспекциялар ўз фаолиятларини мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади.
II.Бўлимнинг асосий вазифалари:
- Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология соҳасига оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”, “Техник жихатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Инспекциянинг ҳайъати қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқ ва кўрсатмалари ижросини қатъий таъминлаш;
Мазкур соҳада қуйи турувчи инспекциялар фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, услубий ва амалий таъминлаш;
- Инспекция томонидан Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрологияга оид ишлар юритилишида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
- Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрологияни назорат қилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, ушбу йўналишдаги фаолиятни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир топшириқ, кўрсатма ва таклифлар тайёрлаш;
- Соҳада янги усуллар, мобил (кўчма) лабораториялар билан замонавий хизматлар кўрсатувчи ва автоматлаштирилган инновацион электрон ўлчаш воситалари, қиёслаш ускуналари жорий этилиши юзасидан таклифлар киритиш;
- Идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ҳамда реализация қилувчи корхоналар фаолиятида техник регламентлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш;
- аккредитацияланган, аттестацияланган синов лабораторияларда фойдаланиладиган синаш ҳамда ўлчаш воситаларини, жиҳозларини ваколатли орган томонидан қиёслашдан, аттестациядан ўтказилиши, синов реактиви ва препаратларнинг техник регламенти ҳамда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш;
Ягона ўлчаш бирлиги ва тўғрилигини таъминлаш устидан назоратни амалга оширишда:
- белгиланган катталик бирликларини қўллаш тўғрилиги, ўлчаш ва синов воситалари ҳолати, уларни тайёрлаш, сақлаш, таъмирлаш, қиёслаш ва эксплуатация ҳолатини;
- ўлчашлар ва синовларни бажариш услубларини қўллаш тўғрилигини;
- ягона ўлчаш бирлигини таъминлашни давлат томонидан тартибга солиш соҳасида амалга оширилувчи ўлчашлар учун қўйиладиган мажбурий талабларга риоя қилинишини;
- ўлчаш воситалари, стандарт намуналари ва катталик бирлиги эталонларини ягона ўлчаш бирлигини таъминлашни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги мажбурий талабларига мувофиқлигини;
аттестатланган ўлчашларнинг услубиёти (методлари) мавжудлиги ва уларни тўғри қўлланишига риоя қилиш устидан назоратни таъминлаш;
- Техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг талабларига, ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши ва тўғрилиги таъминланиши, мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига амал қилиниши юзасидан назоратни таъминлаш;
- Сертификатлаштириш миллий тизими қоидалари ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ маҳсулотларни аккредитация доирасида синовларни ўтказилиши устидан назорат қилиш;
- Умумий ва махсус техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя этилиши юзасидан ўз ваколати доирасида назоратни амалга ошириш;
- Мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа талаблар жорий этилишини ва уларга амал қилинишини назорат қилиш;
- Техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, метрологик қоидалар ва мажбурий сертификатлаштириш қоидалари талабларига номувофиқ маҳсулотларни (хизматлар) реализация қилиш ҳолатларини аниқлаш;
- Маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари ва уларни синаш усулларига талаблар ўрнатувчи стандартларнинг амалдаги миллий, хорижий ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши бўйича техник қўмиталарга ва ваколатли ташкилотларга кўрсатма ва таклифлар бериш;
- Белгиланган аккредитациялаш доирасида кўрсатиладиган хизматларда ўлчашлар бирлиги ва аниқлигини таъминланиши, синов воситаси ва жихозларини, ходимларини аттестацияланиши, синовларнинг бажариш сифатини ҳамда ўлчовларни бажариш услубиётларини ишлаб чиқилишини назорат қилиш;
- Идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотлар томонидан қишлоқ ҳўжалиги соҳасига ишлаб чиқарилаётган, сақланаётган, реализация қилинаётган, импорт қилинаётган ҳамда қўлланилаётган минерал ўғитлар ва зараркунандаларга қарши кимёвий препаратларнинг техник регламенти ҳамда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилинишини назорат қилиш;
- Соҳада ҳуқуқни қўллаш фаолиятини назорат қилиш натижалари бўйича умумлаштиришлар ўтказиш, ахборот-таҳлилий материаллар ҳамда қонун ҳужжатларида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
- Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрологияни назорат қилиш соҳасида соҳасида суиистеъмолчилик ва қонунбузилишига йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича таклиф киритиш;
- Соҳада ўтказилган текширишлар ҳамда келиб тушган ариза, хабар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, улар бўйича текширув ўтказиш;
- Қуйи турувчи инспекциялар томонидан қўлланилган назорат ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва сифатини ҳар ойда ўрганиш, уларни бир хилда қўлланилиши юзасидан чоралар кўриш;
- Фуқароларни қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
- Мурожаатлар ва бошқа маълумотлар, мониторинг ва таҳлиллар натижалари асосида, шунингдек, Инспекция аралашуви талаб қилинадиган ҳолларда текширишлар ўтказиш, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан чоралар кўриш;
- Қонунчиликни тарғиб қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, идоравий ва норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Ходимлар малакасини ошириш юзасидан тадбирлар ўтказиш, ижобий иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш;
- Тизимли таҳлил асосида марказий аппаратнинг ярим йиллик иш режаларига таклифлар киритиш, бошқарманинг иш режасини тузиш
ва ижросини таъминлаш; - Белгиланган муддатларда статистик ҳисоботларни тузиш
ва амалга оширилган ишлар ҳақида Инспекция раҳбариятига мунтазам ахборот бериб бориш; - Инспекция раҳбарияти топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга ошириш.
III. Бўлимнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари
ва жавобгарлиги:
- Бўлим қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Бўлимда кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар, маълумот, хулосалар ва бошқа ахборотларни бошқа таркибий бўлинмалардан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
Раҳбарият топшириғига асосан, юкланган вазифалар доирасида давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш, белгиланган тартибда текширишларни амалга ошириш;
текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;
бошқа идораларда ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан хулосалар бериш;
ўрганиш, таҳлил (мониторинг) текшириш натижалари бўйича тегишли органлар раҳбарларига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш, ёзма кўрсатмалар бериш, маъмурий ва молиявий жарималар қўллаш, шунингдек қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларига тегишли чоралар кўриш бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш;
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган даъволар ҳамда аризалар юзасидан давлат божисиз судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;
Раҳбарият топшириғи асосида, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш, ушбу идоралар йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиш;
зарур ҳолларда давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;
ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, халқаро, хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматга қарашли муассасалар билан белгиланган тартибда ёзишмалар олиб бориш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;
халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар, семинарлар ва йиғилишларда, шунингдек, соҳа бўйича халқаро ва маҳаллий лойиҳаларда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;
Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Бўлим:
- ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;
- соҳадаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириши учун жавоб беради.
Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Бўлим ходими ўз мажбуриятлари ва функцияларини таъминланиши учун жавоб беради.
IV. Бўлим фаолиятининг ташкил этилиши:
- Бўлим фаолиятининг ташкил этилиши ходимлар ўртасида хизмат вазифаларини соҳа-минтақа тамойили ва ўриндошлик асосидаги
иш тақсимотига мувофиқ амалга оширилади. - Бўлим фаолиятига бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади. Бўлимда катта инспекторлар фаолият кўрсатади.
- Бўлим бошлиғи:
– бўлимга умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади, бўлимга юклатилган вазифаларнинг сифатли
ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;
– Меъёрий ҳужжатлар, сертификатлаш ва метрология соҳасида қонун ҳужжатларга асосан ишларни мувофиқлаштиради;
– Инспекция раҳбарияти билан келишган ҳолда бўлим ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
- бўлимга юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун белгиланган тартибда мутахассисларни жалб қилади;
- Инспекция бошлиғига бўлимга кадрларни танлаш масаласида таклифлар киритади;
- ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўради, ходимлар ўртасида ножўя хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тадбирларини ташкиллаштиради, ходимларни рағбатлантириш ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади;
- бўлимда иш юритишнинг Инспекция идоравий ҳужжатлари асосида олиб борилишини ташкил этади, бўлим бош ва катта инспекторлари фаолиятини назорат қилади;
- йиғилишлар ўтказади, қуйи турувчи инспекция ходимларининг ҳисоботларини эшитади;
- фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар киритади;
- статистик ҳисоботлар тузилишини таъминлайди ва унинг ҳаққонийлигига шахсан масъул бўлади;
- амалга оширилган ишлар тўғрисида Инспекция раҳбариятига мунтазам равишда ахборот бериб боради.
- Бўлим катта инспектори:
Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология соҳасига оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Мувофиқликни бахолаш тўғрисида”, “Техник жихатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Инспекциянинг ҳайъати қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқ ва кўрсатмалари сўзсиз риоя этади;
– вазифалар тақсимотига мувофиқ бўлимга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этади;
- қуйи турувчи инспекциялар, бошқа орган ва муассасалар фаолиятини текширишда қатнашади, уларга амалий ёрдам кўрсатади, назорат ҳужжатларни қўллаш юзасидан таклиф киритади;
- Инспекция фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар киритади.
- Инспекция раҳбарияти ва бўлим бошлиғининг топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга оширади.
Бўлим бошлиғи меҳнат таътилида ёки бошқа сабабларга кўра, ишда бўлмаган ҳолатларда унинг вазифасини катта инспектор бажаради.
V. ИШ ЮРИТИШ
- Бўлимда иш юритиш Инспекциянинг идоравий норматив ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
- Бўлим ходимлари хизмат ҳужжатлари ва моддий қимматликларнинг бутлиги ва сақланиши учун шахсан жавобгардирлар.