Ру Ўз O`z En

2021 йил учун кузги бошоқли дон экинлари замонавий сеялкалар ёрдамида экилмоқда

24 Сентябрь 2020 3142

Куз - деҳқонларимиз учун яна бир синов даври саналади. Айнан шу фаслда келгуси йил ғалла ҳосили учун пухта замин ҳозирланади. 2021 йил бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштиришни кўнгилларига туккан самарқандлик азму-шижоатли бободеҳқонлар, айни кунларда бошоқли дон экинлари учун ерларни тайёрлаш, сифатли уруғ экиш ишларини уюшқоқлик билан адо этишмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ҳам юқоридаги қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда, туманларда кластер корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида амалий-кўргазмали семинарлар ўтказилди. Унда, кузги бошоқли дон экинларини ҳудудлар иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш, ғаллани экиш жараёнида замонавий сеялкалардан фойдаланнинг аҳамиятлари хусусида маълумотлар берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 546-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимининг 2020 йил 20 сентябрда 141-Қ-сонли қарори қабул қилинган. 2021 йил ҳосили учун вилоятда 138 минг 830 гектар ерга буғдойнинг “Гром”, ”Алесеич”, ”Краснодар-99”, ”Первина”, ”Безостая-100”, ”Аср”, ”Давр”, ”Яксарт” сингари серҳосил сифат кўрсаткичлари юқори бўлган навлари жойлаштирилиши режалаштирилган.

- Мавжуд 94 минг 230 гектар сувли ҳамда 44 минг 600 гектар лалми ерларга экиладиган бошоқли дон экинларини ўз вақтида ва сифатли экишни таъминлаш мақсадида инспекция органлари томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилди. 2021 йил ҳосили учун вилоятдаги 109 та селякалар тўлиқ мавсумга шай ҳолга келтирилди. Кези келганда таъкидлаш лозимки, жорий йилда 67 та замонавий селякалар билан бошоқли дон экинлари экилмоқда,-дейди Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим катта инспектори Санжар Қурбонов.

Хусусан, 2021 йил ҳосили учун Каттақўрғон туманидаги 218 фермер хўжаликлари томонидан 8 минг 926 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари 18 та замонавий, юқори унумли сеялкалар билан экилмоқда.

Замонавий сеялкалар билан экилганда ҳар гектар ерга 160-180 килограмм уруғ сарфланади. Оддий сеялкалар билан экилганда гектарига 50 килограмм кўп уруғ сарфланиши инобатга олинса, уруғни иқтисод қилиши эвазига харажатлар камаяди.

Шунингдек, замонавий сеялкалар бир вақтнинг ўзида жўяк олиш, ўғитлаш ва экиш сингари вазифаларни бажаради. Бундай усулда уруғ ерга бир хил чуқурликда тушади ва бир текис униб чиқади.

Жорий йилда Самарқанд вилоятида уруғни барвақт сепиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш эвазига ҳосилдорликни гектар бошига 10-15 центнерга кўтариш мўлжалланмоқда.

 

Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech