Ру Ўз O`z En

2021 йилда салкам 400 минг гектар майдонда суғоришда сув тежовчи технологиялар жорий этилади

19 Февраль 2021 2298

Ўзбекистон Республикаси Орол денгизи ҳавзасида жойлашган бўлиб, унинг асосий сув манбаи Амударё ва Сирдарё дарёлари, шунингдек, ички дарё ва сойлар ҳамда ер ости сувларидир.

Маълумотларга кўра, “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш схемаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси учун ўртача кўп йиллик сув олиш лимити 64 млрд куб метрни ташкил этади.

Шу билан биргаликда, 1980 йилларда республиканинг йиллик сув истеъмоли кўп йиллик лимит доирасида бўлиб, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51 млрд куб метрни, жумладан, 97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи эса ер остидан фойдаланиб, ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.

Республикада суғориладиган ер майдони 4,3 млн гектарни ташкил этиб, жами сув ресурсларининг ўртача 90-91 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилади.

Дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, минтақамизда, жумладан, мамлакатимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежадиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарори ҳам, сув танқислигининг олдини олиш ҳамда маҳсулот етиштиришда сифат ва самарадорликни янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

2021 йили Республика бўйича жами 316843 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш режалаштирилган. Жумладан, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинадиган майдонлар 276184 гектарни (пахта 221530 гектар), ёмғирлатиб суғориш 40036 гектарни, дискретли суғориш технологияси 623 гектарни ташкил этади.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича лойиҳалар қиймати 5,5 трлн.сўм, шундан пахта учун 4,2 трлн.сўмни ташкил қилади. Ҳозирда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича 2705 та субъектларда- 73668 гектарда (27%) қурилиш ишлари бошланган.

Ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича лойиҳалар қиймати 800,7 млрд.сўмни ташкил қилади. Айни вақтда ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиш бўйича 149 та субъектларда 6083 гектарда (15%) қурилиш ишлари бошланган.

Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция” томонидан кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминланиши, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиниши ҳамда ўз муддатида сифатли бажарилиши бўйича тизимли назорат ўрнатилган.

 

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими

 

Text to speech