Навоий вилояти, Нурота туманида жорий йилда 200 гектар майдонга такрорий экин экилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 60 гектар картошка, 40 гектар полиз ҳамда 80 гектар мойли экинларни ташкил этади.
Айни вақтда, туманда такрорий картошка экиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари ҳудудларда бўлишиб, такрорий экинларнинг ўз вақтида экилиши юзасидан назорат тадбирларини олиб боришмоқда. Фермерлар инспекторлар томонидан уруғлик картошкаларнинг мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган сифатсизларини ҳарид қилмаслик бўйича огоҳлантирилмоқда.
Бугунги кунда тумандаги 39 та фермер хўжаликларининг 60 гектар майдонида такрорий экин сифатида картошкалар экилиб, агротехник тадбирлар амалга оширилди.
Қолаверса, Туман инспекторлари томонидан “Нурота томорқа экспорт” МЧЖ нинг 50 тонна, “Тошназар бобо” фермер хўжалигининг 49 тонна уруғлик картошкалари фермер хўжаликларига етказиб берилиши таъминланди.
Инспекция вилоят бошқармасининг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими инспектори Фаррух Ҳамроевнинг таъкидлашича, экиш учун уруғлик туганакларини шакли, ранги ва ўсимталарининг йўғонлигига қараб, уруғликни эътибор билан танлаш мўл ҳосил гарови ҳисобланади. Вазни 30-80 граммлик туганаклар бутун, ундан йириклари эса кесиб экилади.
Албатта, мўл ҳосилга осонлик билан эришилмайди. Фермерларнинг таъкидлашича, биринчи чопиқдан сўнг картошка экилган майдоннинг ҳар гектарига 200 килограммдан ўғит ва “Шарбат суви” берилгач яна икки марта чопиқ ишлари олиб борилади.
Ҳудудларидаги 43 та фермер хўжалигининг 39 тасида картошка экилиши тўлиқ бажарилди, - дейди “Ўзагроинспекция” Нурота туман бўлими бошлиғи ўринбосари Аҳрор Маматов. – Бошқа экинлар экилиши бўйича ҳам жойларга чиқиб, тушунтириш тадбирларини олиб боряпмиз. Бундан ташқари, фермерларга ёқилғи-мойлаш материллари, ўғит ва бошқаларнинг етказилиб берилишида муаммо бўлмаслиги инспекция томонидан қатъий назоратга олинган.
Такрорий экин-эртанги фаровонлик ва хотиржамликдир. Шу боис инспекция ходимлари томонидан экилган экинларнинг агротехникаси ўз вақтида ўтказилиши, ўсимликларнинг ўсиб-униши, ривожланиши мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Буларнинг барчаси халқимиз турмуш даражасини янада яхшилаш, тўкинликни таъминлашдек эзгу ниятни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати