Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 13-сентябрь кунида “Пахта хом-ашёси етиштирувчиларнинг молиявий қўллаб қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 574-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ:
2024-йилдан бошлаб пахта хом-ашёси етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналар ўртасида пахта хом-ашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг “Пахта хом ашё секцияси”да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.
Шунингдек, Фьючерс шартномага мувофиқ етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган, шунингдек қайта ишловчилар билан фьючерс шартномаси тузмаган ҳолда, ўз маблағлари, шу жумладан жалб қилинган маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобига етиштирилган пахта хом-ашёси етиштирувчилар томонидан биржа орқали тадбиркорлик субъектларига сотилиши ёки (ва) қайта ишланиши кўрсатиб ўтилган.
2024-йил ҳосили йиғим-терим даврида жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган фьючерс котировкалари бўйича пахта хом-ашёсининг бошланғич фьючерс нархлари бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида 2024-йил ҳосилидан биринчи нав иккинчи синф бир тонна пахта хом-ашёсининг бошланғич фьючерс нархи 7 млн 800 минг сўм миқдорида эълон қилиниши белгиланган.
Пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хом-ашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хом-ашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилади.
2024-йил учун пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида биржа савдоларида тузилган шартномалар бўйича қўшимча келишув тузиш, бунда пахта хом-ашёсининг сотиш нархи 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаслигини инобатга олинади.
2024-йил ҳосилидан фьючерс шартномаларидан ташқари пахта хом-ашёсини биржа савдоларига чиқаришда унинг бошланғич нархини бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорида эълон қилиш;
Қолаверса, 2024-йилда барча ҳудудларда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш хизмати баҳосининг 20 фоизини, бироқ 250 минг сўмдан ошмаган қисмини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, Жорий йил пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олиш ва низоларни ўз вақтида жойида ҳал этиш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан барча вилоят бошқармаларида мобил арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.
2024-йил пахта ҳосилини қабул қилишда низоларни жойида тезкор ҳал этиш шунингдек, қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг сифат кўрсаткичлари тўғри таҳлил қилиниши “Ўзагроинспекция” томонидан назорат қилиб борилмоқда
К.Ахмедов, Инспекция бошқарма бошлиғи