Ру Ўз O`z En

Давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона қоидалари белгиланди

19 Август 2022 1834

2022 йилнинг 8 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлиб, унда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек иш билан таъминлаш тамойиллари ва ушбу соҳадаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш механизмлари белгиланган.

 

Қонунга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб белгиланган бўлиб, унга бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шундай тарғибот тадбирларидан бири Агентликнинг мутасадди ходимлари иштирокида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Марказий аппаратида ҳам ташкил этилди.

Таъкидланганидек,  мазкур Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча давлат идоралари ва ташкилотларида ходимларни ишга қабул қилиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.

Мазкур Қонуннинг имзоланиши  давлат хизматида фаолият юритувчи ҳар бир ходим учун узоқ кутилган ҳодиса бўлди. Юртдошларимиз учун эса ушбу Қонун билан давлат хизматини кўрсатиш янада яхшиланишидан умиди катта. Қонун билан Давлат хизматчилари хизмат поғоналарида адолатли ўсиш, эркин фаолият юритиш каби ҳуқуқларга эга бўлиши белгилаб қўйилгани жуда қувонарли. Қолаверса, иш вақти ва меҳнатга ҳақ тўлаш шаклларининг тартибга солингани ҳар қандай давлат идорасида ишлаётган ходим учун айни муддао бўлди- дейди "Ўзагроинспекция" Бошқарма бошлиғи К. Ахмедов.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан  Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Х. Шадиева, "Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати раҳбари

Text to speech