Ру Ўз O`z En

Ғалладан бўшаган майдонларда қайси экинлар экилади?

12 Июнь 2020 9579

Ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида картошка, мош, тариқ, соя, зиғир, сабзавотлардан оқбош карам, гулкарам, помидор, сабзи, пиёз, бодринг, ош лавлаги, турп, шолғом, редиска, саримсоқпиёз, кўкат, қовун-тарвуз, ем-хашак экинлари ҳамда эртапишар маккажўхори экиб, мўл ва сифатли ҳосил олиш мумкин.

Сўнгги вақтларда фермерлар томонидан дуккакли экинлар экиш бўйича саволлар кўпайган. Қолаверса, мамлакатлар томонидан мош, ловия, нўхат ва фасол экинлари маҳсулотига талаб ҳам юқори бўлмоқда, бу эса ўз ўрнида Республикамизда экспорт ўсиши ва валютани кириб келишини кафолатлайди.

Мош. Республикамизда экиш учун мошнинг “Маржон”, “Дурдона”, “Зилола”, “Наврўз”, “Радость” навлари тавсия этилади.

Вилоятимизда мош асосан июнь ойининг охири ва июль ойининг бошларида экилади. Экиш меъёрига кўра,  мош қўш қаторлаб экилганда (қатор ораси 60 см) уруғ сарфи 40-45 кг/га, қаторлаб (қатор ораси 60 см) экилганда эса 25-30 кг/га ни ташкил этади.

Ловия. Вилоятимиз ҳудудларининг экин майдонларида асосан маҳаллий навлар етиштирилиб келинади. Экиш меъёри ва тартибига кўра, ловия уруғи июнь-июль ойларида қатор оралаб (қатор ораси) 60-70 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 4-6 см бўлиб, 10 сотих майдонга ўртача 6-8 кг уруғ сарфланади.

Фасоль. Республикамизда етиштирилаётган навларидан – “Шедрая” – тезпишар нави бўлиб, бўйи (25-40 см), дуккаклари ним-ширин, ранги кул ранг сариқ тусда, уруғ униб чиққандан то кўк дуккаги етилгунга қадар 40-45 кун ўтади. “Триумф сахарный” 764 – ўртапишар нави, ҳосилдорлиги юқори, бўйи 30-40 см, тупи тик ва дуккаклари йирик, сариқ рангда бўлади. Антракноз касаллигига чидамли ҳисобланади. “Сакса без волоконная 615” – сершох нави, тупи кучсиз ўсади, ширин, жуда тезпишар нав, гули оч пушти рангли ва уруғи сариқ кул ранг бўлади. “Юбилейная 287” – эртапишар нави, мазаси ширин, юқори ҳосилли, қурғоқчиликка чидамли ҳисобланиб, дуккаклари тўғри ёки узунчоқ - цилиндр шаклда, учки қисми эгилган, пишганда ранги сариқ бўлиб, дони овал-буйраксимон, оқ рангда бўлади.

Фасолни алмашлаб экиш. Алмашлаб экишда фасоль учун энг яхши ўтмишдош экинлар – бу донли экинлар, лавлаги, маккажўхори, картошка, бодринг ва полиз экинлари ҳисобланади. Фасолни бир жойга 4-5 йилгача қайта экиш мумкин эмас. Агар ушбу экинни экишда сув танқислиги бўлмаса, фасолни маккажўхори ва картошка билан бирга экиш яхши натижа беради.

Фасолни экиш муддатлари. Вилоятимизда фасоль экини апрелнинг охири ва май ойининг биринчи ярмида экилади. Фасоль уруғи дон сеялкалари билан экилади. Фасолни июнь-июль ойларида яна такрорий экин сифатида экса бўлади.

Фасоль экиш олдидан ерларни ўғитлаш. Фасоль минерал ўғитларга жуда таъсирчан бўлиб, ҳар гектарига 80-100 кг,  фосфорли ва 50-60 кг дан азотли ўғитлар солинади. Уруғни экишдан олдин нитрагин билан ишлаш анча самарали бўлади.

Фасолни экиш ва уруғлик сарфи. Фасоль қатор оралари 50-60 см. қилиб кенг қаторлаб экилганда, уруғнинг йириклигига ва тупроқ иқлим шароитига қараб 3-5 см чуқурликда экилиб, гектарига майда донли навлари 70-80 кг, йирик донли навлари эса 90-120 кг меъёрда экилади. Аҳоли томорқаларида икки қатор қилиб экилганда, экинлар ораси 15-20 см, қатор ораси эса 10-15 см қилиб экилади.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Фарғона вилоят бошқармаси.

Text to speech