Одамлар дарду - ташвишини ўйлаб яшаш инсонийликнинг асосий мезонларидан бири. Афсуски, баъзи мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги, ёхуд ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги туфайли фуқароларимиз муаммоларини кўтариб, идоралар эшиги олдида сарғайишларига тўғри келмоқда ва бу ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юртбошимиз ҳар битта давлат бошқаруви органлари зиммасига олийжаноб халқимизнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш вазифаларини юклаган-ки, бу ўз навбатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича инспекциянинг Жиззах вилояти бошқармасига жами 35 та мурожаатлар келиб тушган ва шундан 22 таси жисмоний, 13 таси юридик шахсларга тегишлидир. Мазкур мурожаатларнинг 28 тасини ҳал этиш чоралари кўрилган, 3 таси қаноатлантирилиб, мурожаат эгаларининг топталган ҳуқуқлари тикланган. Қолган мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилган.
- Юқоридаги мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилганимизда, 25 таси Сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш соҳасига тўғри келади. Шундан биттаси Техникалар ҳолати ва агротехник тадбирлар бўйича ва яна 2 таси бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил қилади,-дейди “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош инспектори Нодир Қаҳрамонов.
Мисол учун, жорий йилнинг 2 апрель куни Зафаробод туманида фаолият юритиб келаётган “ALB VAKIL” фермер ҳўжалиги раҳбари Маҳмуджон Жўрақуловнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига қилган мурожаати бошқарманинг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган. У ўз аризасида хўжаликка тегишли ер майдонини қўшни фермер хўжалиги даласидан чиққан оқава суви босиб кетаётгани, бу эса дала ишларини вақтида бажаришда бир қатор қийинчилкиларни туғдираётганини баён қилади. Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Агроинспекциянинг бош инспекторлари воқеа жойига бориб, муаммони ўрганди ва бу масала мурожаат эгаси фойдасига ҳал этиб берилди. Зарар етказган “Пахта баракаси” фермер хўжалиги раҳбарига соғориш тармоқларини тўла таъмирлаш, туман сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари зиммасига эса асосий каналдан ички суғориш тармоғига сув тўсувчи иншоотни ўрнатиш ҳамда уни таъмирлаш, тозалаш ишлари юклатилди.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, жисмоний ва юридик шасхлар томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат “Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармасининг доимий эътиборидадир.