Ру Ўз O`z En

Жиззахда чигит экиладиган ерларни тайёрлаш ишларини 12 кун ичида якунлаш бўйича топшириқлар берилди

30 Март 2021 2156

Яна саноқли кунлардан сўнг Жиззахлик деҳқонлар ҳам чигит экишни бошлайдилар. Ушбу юмуш деҳқон ва қишлоқ хўжалигига даҳлдор бўлган барча мутасаддилардан жиддий эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида бўлиб ўтган мавсум олди семинарида ҳам айни шу масалаларга урғу берилди. “Ғайбулла ота” фермер хўжалиги дала майдонида ташкил этилган семинар аввалида шулар хусусида сўз юритилиб, ер тайёрлашни ўз муддатида тугаллаш ҳамда мавсумда қатнашадиган техникалар ва отряд гуруҳлари кучидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими ва туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, “Ўзагроинспекция” нинг вилоят ва туман бўлими ходимлари ҳамда соҳага масъул бўлган корхона ва ташкилотлар, пахта-тўқимачилик кластери ва фермерлар иштирок этган тадбирда қайд этилишича, бу йил вилоятда 80 минг 200 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Шундан 17 минг 900 гектари Дўстлик тумани ҳиссасига тўғри келади.

-Мавсумни сифатли олиб бориш учун вилоятда 207 та ишчи отрядлари шакллантирилган бўлиб, чигит экиш учун 212 та певматик сеялкалар, ер тайёрлаш учун эса 225 та ер текислагич, 354 чизел ва 8 мингта борона таъмирдан чиқарилиб, шай ҳолатга келтирилган, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Абдуллаев. -Умуман олганда, баҳорги дала ишларида жами 8 минг 500 дан ошиқ қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари қатнашиши кўзда тутилган. Уларнинг асосий қисмини юқори унумли, замонавий техникалар ташкил қилади.

Ҳудди шундай Дўстлик туманида жами 2 минг 30 га яқин техника ва агрегатлар иштирок этиши белгиланган бўлиб, айни кунларда ерни тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, мавсум ҳар бир деҳқон ва қишлоқ хўжалиги масъуллларидан уюшқоқлик билан баҳамжиҳатликда иш олиб боришни тақозо этади. Ана шу талаблардан келиб чиқиб, бу борада амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан масъулларнинг ахборотлари ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Чигит экишда самарали усулларни фаол қўллаш, навларни танлаб, жойлаштиришга масъулият билан ёндашиш зарурлиги айтиб ўтилди. Тадбир якунида ер тайёрлаш ишларини 12 кунда, экишни эса қисқа, 10 кун муддатда ниҳоясига етказиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech