Ру Ўз O`z En

Мингдан ортиқ субъектларнинг уруғлик ғўза майдонлари яроқсиз деб топилди

8 Октябрь 2024 331

Соҳани тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига юклатилган.

"Ўзагроинспекция" ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда уларнинг туман бўлимлари томонидан ўтказилган мониторинг якунларига кўра, 2 минг 919 та субъектларнинг 93,3 минг гектар уруғлик ғўза майдонларида апробация кўриги ўтказилди.

Ўтказилган апробация кўриги якунига кўра, 2 минг 667 та субъектларнинг 78,7 минг гектар ёки 84,4 фоиз майдонлари уруғлик олиш учун яроқли деб топилди.

Шунингдек, апробация ишчи гуруҳининг хулосасига асосан, 1 минг 30 та субъектларнинг 14,5 минг гектар (15,6 фоиз) уруғлик ғўза майдонлари яроқсиз деб топилди.

Келгусида сифатли уруғлик олиш учун яроқли ҳисобланган 78,7 минг гектар майдонлардан 120,3 минг тонна уруғлик пахта хом ашёсини олиш режалаштирилиб, шундан 61,7 минг тонна уруғлик чигит олиниши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Президентнинг 2023-йил 15-декабрдаги "Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижроси юзасидан, республикамиздаги 4 минг 808 та субъектларнинг 96 минг гектар майдонларида хорижий ғўзанинг нав ва дурагайлари экилди.

Ушбу майдонлардан келгуси йил ҳосили учун уруғлик олиш мақсадида уруғлик майдонлар танлаб олинди ҳамда апробация кўриги ўтказилиб, 331 та субъектларнинг 7,9 минг гектар хорижий ғўза майдонларидан уруғлик олиш белгилаб олинган бўлиб, ушбу хорижий ғўза майдонларидан 13,3 минг тонна уруғлик пахта олиш режалаштирилган

Бугунги кунда уруғлик олиш учун яроқли деб топилган ғўза майдонларида йиғим-терим ишлари давом этмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишларининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида, Инспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туман бўлимларининг мутахассислари томонидан тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Инспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech