Ру Ўз O`z En

НАСЛЧИЛИК ҚОИДАСИНИ БУЗГАН ЧОРВАДОРЛАРГА МАЪМУРИЙ САНКЦИЯ ҚЎЛЛАНИЛДИ

5 Август 2020 3210

Навоий вилоятининг марказдан анча узоқда жойлашган Учқудуқ тумани майдони аксарияти чўл зоналаридан иборат. Шу сабабдан бу ердаги аҳолининг асосий даромад манбаи чорвачилик ҳисобига тўғри келади. Туманда бугунги кунда 119 та фермер хўжалиги чорвачилик фаолияти билан шуғулланаётган бўлиб, улар томонидан тирик вазнда йилига 8-9 минг тонна гўшт, 4,5 минг тоннагача сут маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Вилоятда чорвачилик фермер хўжаликлари ер майдонлари чўл яйловларидан ташкил топган. Суғориш имкони йўқлиги сабабли озуқабоп ва уруғлик экинлар экиб, озуқа ғамлаш ҳудудга хос эмас. Ҳудудда 3 та наслчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, шундан 2 таси қорамолчилик ва 1 таси қўйчилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу наслчилик хўжаликларида жами 190 бош йирик (голштен ва қизил чўл зотли) шохли ва 805 бош майда шохли (жайдари зотли) моллар боқилмоқда. Шунингдек, уларга туманда суғориладиган ерлар йўқлиги сабабли яйлов ерларидан ҳар бир шартли мол учун 2 гектардан кам бўлмаган (5-6 гектар)миқдорда яйловлар ажратилган.

Аммо чорвалик, ҳусусан наслли қорамоллар ва қўйлар парваришида ҳудуд чорвадорлари томонидан белгиланган қонун-қоидаларга амал қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Учқудуқ тумани бўлими томонидан ҳудудда чорвачилик ва чорвачиликда наслчилик хўжаликлари фаолияти бўйича мониторинг тадбирлари ўтказилиб, бу борада йўл қўйилган камчиликлар аниқланди.

-Туманда қорамолчилик йўналишида 5 та, йилқичиликда 6 та, туячилик соҳасида 7 та, қўйчилик бўйича 98 та, балиқчиликда 2 та, паррандачиликда эса 1 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолият юритиб келмоқда,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлими катта инспектори Феруз Бойназаров. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бўлимимиз томонидан туман ҳудудида чорвачилик йўналишида 40 та назорат тадбирлари ўтказилди. Натижада 3 та тақдимнома, 2 та маъмурий санкция, 6 та амалий кўрсатма ва 48 та қонун бузилишига йўл қўймаслик учун ёзма огоҳномалар киритилди.

Жумладан, қорамолчилик йўналишида наслчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Учқудуқ Нур Зиё”, “Исломиддин Махмуджон” ва қўйчилик соҳасида наслчилик мақомига эга “Барака Сервис Учқудуқ” фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганиш давомида ушбу фермер хўжаликларида мавжуд қорамоллар ва қўйларнинг наслини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги, наслчилик ҳисоб-китоби ҳам юритилмаганлиги, пода ҳаракати тўғри олиб борилмаганлиги, ҳар хил зотга мансуб моллар аралаш ҳолда кўпайтириб келинаётганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида ҳайвонларниниг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилаш мақсадида наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланилишига риоя этилиши асосий вазифалар этиб белгиланган бўлсада, юқорида номи келтирилган фермер хўжаликлари томонидан қонуннинг бу талабларига риоя этилмаган.

Бундан ташқари, “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида наслчилик субъектлари томонидан наслли маҳсулотнинг сифатини кафолатлаш шартлиги наслчилик субъектларининг бурчи эканлиги кўрсатилган. Тумандаги наслчилик хўжаликлари томонидан қонунда қайд этилган бу каби вазифаларни бажариш ҳам эътибордан четда қолган.

“Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 1 ва 11-моддасида кўрсатилган талаблар бажарилмай келинганлиги ҳисобга олиниб, наслчилик фермер хўжаликларига нисбатан туман маьмурий суди раисига тегишли материаллар тақдим этилди. Маъмурий суд томонидан уларга нисбатан базавий ҳисоблашнинг бир баравари миқдорда маъмурий санкциялар қўлланилиб, жарима ундирилиши таъминланди.

 

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот хизмати

 

 

Text to speech