Ғўза майдонларида чилпиш тадбирларини ўтказишдан мақсад нима?
Ғўзани ўсув нуқтасини чилпиш (чеканка)юқори ҳосилдорликка эришишда ўта муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Мазкур тадбир ўз муддатида ва сифатли амалга оширилганда ҳосил элементларини тўкилишининг олди олиниши, тўлиқ кўсакларнинг кўпроқ шаклланиши ва эрта пишиб етилиши, пахта ҳосилининг гектарига 3-4 центнерга ортиши ва тола сифатининг юқори бўлиши республикамизнинг турли шароитларида ўтказилган илмий тадқиқотлар ва илғор пахтакорларнинг амалий тажрибаларида исботланган.
Қолаверса, пайкалларда ўз вақтида чилпиш тадбирларини ўтказилиши ғўзанинг ғовлаб кетишига йўл қўймасдан, озуқа моддаларни ўсимликнинг генератив органларига оқиб келинишини жадаллаштиришга ёрдам беради.
Чилпиш қандай амалга оширилади?
Ғўзани чилпишда бош поянинг ва ён шохларнинг ўсиш нуқталари чимдиб олиниб этакларга солинади ва даладан ташқарига чиқариб кўмиб ташланади. Шундай қилинганда ғўзанинг зараркунанда ҳашаротлари ҳам камаяди. Қўлда чилпиш икки марта ўтказилади, бунда дастлаб асосий ўсиш нуқтаси чилпилади, орадан 5-6 кун ўтгандан кейин қолган ғўзаларнинг ва ён шохларнинг ўсув нуқталари чилпиб олинади.
Ғўза навларни кўчат қалинликлари, ҳосил шохларига ва тупроқнинг механик таркибига қараб чилпиш бажарилади. Агар ниҳоллар ривожи ҳар хил бўлса, чилпишни икки марта бажариш лозим. Аввалига асосий ўсиш нуқтаси қирқилса, орадан 7-10 кун ўтгач, ўсиб бараварлашган бошқа тупларнинг ва ён шохларининг учлари чилпиб ташланади.
Изоҳ:* эртапишар навлар, **ўртапишар навлар
80-90 минг/туп кўчат қалинлиги-механик таркиби оғир тупроқларда;
100-110 минг/туп- механик таркиби ўрта тупроқларда; 120-130 ва 140-160 минг/туп-механик
таркиби енгил қумоқ тупроқларда ҳосил қилинади.
Ғўзаларни чилпиш ўз вақтида ўтказилмаса..
Шунингдек, чилпиш тадбири чала ва сифатсиз ўтказилган майдонларда қайтадан ўтказиш шарт. Бунда ғўзанинг ён шоҳларини чилпишга алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки, бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, қатор орасидаги ҳаво айланишининг бузилишини ва август ойининг иккинчи ярмида пастки ярусларда жойлашган кўсакларнинг чиришини олдини олади. Кўп йиллик маълумотларга асосан, бу тадбир ўз вақтида ва сифатли ўтказилмаганда 5-7 центнерга ҳосил йўқотилиши аниқланган.
Чилпишнинг қандай усуллари бор ва улар ғўза ривожига қандай таъсир кўрсатади?
Агар чилпиш қўлда ўтказилса фақат ўсув нуқтасини чилпиб олишга эришишга алоҳида эътибор бериш керак. Акс ҳолда чуқур ўтказилса, ўсимликка бирмунча салбий таъсир этиш билан бирга юқори ярусдаги ҳосил тугунчалари ва элементларининг ҳам юлиниб кетиши кузатилади ва бу ҳолат пахта ҳосилига ҳам таъсир этиши мумкин. Чул худудларда чилпиш ишларини механик усулда ўтказиш кенг тарқалган. Бироқ бунда баланд ва баравж ўсган ғўза тупларидаги ҳосил элементлари пичоқ тиғига учрайди, ён шохларини кучли ўсиши ва қаторларнинг бирлашиб кетишига олиб келади. Бу эса пахта ҳосили ва сифатига салбий таъсири кўрсатади.
Чилпиш кимёвий усулда препаратлардан Пикс, Далпикси ва Устикс билан 1,0-1,5 л/га, Сожеан билан 90-105 г/га меъёрда юқорида қайд қилинган муддатлардан 3-5 кун олдин, суғоришдан 5-7 кун аввал ёки кейин сепилиб ўтказилса, қўл меҳнати тежалади, механик усулда чилпишга нисбатан ёқилғи сарфи 6 мартага камаяди, қайта-қайта чилпиш ўтказишга хожат қолмайди ҳамда ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши жадаллашиб, кўсакларнинг пишиб етилиши 8-10 кунга тезлашади, ғўзани тепа қисмида қўшимча 3-4 кўсак пайдо бўлади ва пахта ҳосилдорлиги 15-20%га ортади, тола сифати яхшиланади, иқтисодий самарадорлик ортади.
“Ўзагроинспекция” Уруғлик пахта хомашёси чигити
етиштирилишини назорат қилиш бўлими