Ру Ўз O`z En

Самарқандда глобал озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида декларация қабул қилинади

7 Сентябрь 2023 1836

Ҳужжат халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Томонлар иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, ерлар деградациясини асосий чақириқлар сифатида эътироф этдилар.

Самарқанд декларацияси Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг техник кўмагида ташкил этилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция якунлари юзасидан эришилган келишувларни мустаҳкамлайди. Тадбир 7–8- сентябрда, 15 та мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари, 8 мамлакатдан вазир ўринбосарлари, 13 мамлакатнинг юқори даражадаги дипломатлари ва 30 дан зиёд халқаро ҳамда илмий ташкилотлар, шунингдек молия институтлари вакиллари иштирокида ўтади.

«Пандемия ва глобал чақириқлар бизни эски ёндашувларни қайта кўриб чиқишга руҳлантирмоқда, фермерлар ва агробизнесни рағбатлантириш, шунингдек қишлоқ хўжалигини юритишнинг янги услублари нақадар муҳимлигини исботлаяпти. Ўзбекистонда агроозиқ-овқат тармоғини қайта ташкил этиш жараёни кечмоқда. Биз қишлоқ хўжалигининг салоҳиятини кучайтириш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун жаҳоннинг етакчи олимларини жалб этишни режалаштирмоқдамиз. Жаҳонда янада юқори сифатли озиқ-овқат билан кўпроқ инсонлар қамраб олинишини таъминланиш учун, янги ечимлар ва инновацияларни талаб қилмоқда. Мана шулар конференция муҳокамасида асосий ўринни эгаллайди ва Самарқанд декларациясининг асосини ташкил қилади», — режалари билан ўртоқлашди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов.

Самарқанд декларациясида иштирокчи мамлакатларнинг қуйидаги мақсадлари қайд этилади:

- қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оптимал фойдаланган ҳолда ривожлантириш;

- аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш, мактабда овқатланиш комплекс дастурларини жорий қилиш;

- аёлларнинг агроозиқ-овқат тизимлари трансформациясидаги улушини ошириш учун қишлоқ жойлардаги аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш;

- давлат миқёсида кичик ва оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.

«Глобал иқтисодий таназзул ва ўсишнинг секинлашуви иқлим инқирозининг оқибатлари, агроозиқ-овқат тизимида инвестицияларнинг етишмаслиги, озиқ-овқат нархининг ўсиб бориши ва тенгсизликнинг кучайиб бориши билан уйғунликда, бизни 2030 йилгача Барқарор тараққиёт соҳасидаги мақсадлар (БТМ)га, айниқса БТМ-2 (Ноль очлик)ка эришишга қаратилган курсдан четлатиб юборди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бутун дунёдаги агроозиқ-овқат тизимлари қайта ташкил этилишидаги илгарилашувнинг тезлашиши учун жиддий майдонча бўлади, пировардида бу тизимларлар денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган чақириқларга алоҳида урғу бериб,  янада самарали, инклюзив ва барқарор тус олади. Бундан ташқари, конференцияда яхшилашнинг тўрт йўналиши: ишлаб чиқаришни яхшилаш, овқатланиш сифатини яхшилаш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида қишлоқ жойларда гендер тенгликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ва рақамли қишлоқ хўжалиги масалалари муҳокама этилади, бунда ҳеч ким эътиборсиз қолмаслиги кафолатланади», — деди ФАО бош директори Сюй Дунюй.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция доирасида 26 мамлакатдан 150 дан зиёд хорижий олимлар ва Ўзбекистоннинг 200 нафар олими иштирокида давра суҳбати ўтказилади. Иштирокчилар қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини муҳокама қиладилар.

 

«Ўзагроинспекция» Ахборот хизмати

Text to speech