Ру Ўз O`z En

Сув таъминоти оғир ва ишлов бериш қийин бўлган ерларга ғалла экиш қатъиян тақиқланади

10 Август 2020 2956

2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;
  • “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги дон корхоналари томонидан 2021 йил ҳосилидан бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти, унинг Қашқадарё филиали ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар илмий-тажриба станцияларида 2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш ва суперэлита уруғлик дон етиштириш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб – қувватлаш жамғармасидан 2021 йил ҳосилидан ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган кредит ресурслари тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноевга ҳамда Молия вазири Т.А.Ишметовга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимларининг таклифлари асосида кредит ресурсларининг тасдиқланган кафолатли ҳажмларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, “Ўзагросервис” жамияти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, АТБ “Агробанк”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда:

  • мулк шаклидан қатъий назар ҳудудларда мавжуд ер тайёрлаш техникалари, дон экиш сеялкалари ва мосламаларни техник хатловдан ўтказиш;
  • 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш мавсумида иштирок этадиган техника ва агрегатларни устахоналарга йиғиб, таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисимлар захирасини яратишда керакли маблағлар ажратилишини таъминлаш;
  • мавсумда қатнашадиган барча техника ва агрегатларни марказлашган ҳолда сифатли таъмирлашни ҳамда устахоналарда ишчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилишини ташкил этиш;
  • очиқ майдонларда дон экишда қатнашадиган техникаларини жорий йилнинг 25 августигача, ғўза қатор орасида дон экиш агрегат ва мосламаларини 5 сентябргача таъмирлаш ишларини якунлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси:

  • бошоқли дон етиштирувчи корхона ва хўжаликларининг шарт - шароитларини, шу жумладан, ерларнинг мелиоратив ҳолати, тупроқнинг балл – бонитети ва сув таъминотини чуқур таҳлил қилиб, ҳосилдорликни бир гектарга ўртача 60 центнердан кам бўлмаслиги белгиланади;
  • 25 августгача ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари билан дон корхоналари ўртасида 2021 йил ҳосилидан ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилиш бўйича контрактация шартномалари тузиш ишларини якунлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясига:

  • 2021 йил ҳосили учун экиладиган кузги бошоқли дон экинларининг уруғларини етарли миқдорда нав ва авлодлар бўйича тозалаш, саралаш, дорилаш, қоплаш ва сертификатлаштириш;
  • суғориладиган майдонларда, асосан биринчи ва иккинчи репродукцияли ҳамда лалми майдонларда учинчи репродукциядан паст бўлмаган уруғлик донни экиш учун ишлатиш;
  • бошоқли дон етиштирувчилар мазкур қарор билан тасдиқланган бошоқли дон экинлари навларининг жойлаштирилишига қатъий амал қилишларини таъминлаш вазифалари юклатилади.

Республика ҳудудида экишга тавсия этилмаган ғалла навларни, сифатсиз тайёрланган ва дориланмаган (сертификатланмаган) уруғларни ҳамда сув таъминоти оғир ва ишлов бериш қийин бўлган ерларга ғалла экиш қатъиян тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки билан биргаликда:

  • жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 2021 йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларига талаб этиладиган 45 минг тонна фосфорли ва 20 минг тонна калийли минерал ўғитлар (соф ҳолдаги) захирасини яратиш учун зарур бўлган 508,5 млрд. сўм маблағлар;
  • жорий йилнинг 5 сентябрига қадар 2021 йил кузги бошоқли дон экинларини экиш учун ер тайёрлаш техникалари ва дон экиш сеялкаларини таъмирлаш, ёнилғи мойлаш материаллари, уруғлик дон олиш, иш ҳақи ва бошқа харажатларга талаб этиладиган маблағлар;
  • жорий йилнинг 10 декабрига қадар ғалла майдонларида касаллик, зараркунандалар ҳамда бегона ўтларга қарши курашда қўлланиладиган кимёвий воситалар захирасини яратиш мақсадида 140 млрд. сўм маблағлар;
  • жорий йилнинг 31 декабрига қадар 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини парваришлашга талаб қилинадиган 269,3 минг тонна азотли минерал ўғитлар (соф ҳолдаги) захирасини яратиш учун зарур бўлган 1 трлн. 700 млрд. сўм маблағлар ажратилади.
Text to speech