Ру Ўз O`z En

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари очиқланди

11 Август 2020 5973

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони 215 нафар этиб белгиланади, бунда:

  • 178 нафари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тизими ҳисобидан;
  • Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳисобидаги бошқарув ходимларининг 24 нафари ва ишлаб чиқариш ходимларининг 13 нафари ҳисобидан тўлдирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • зарур ҳолларда, Инспекция марказий аппарати, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар тузилмаларига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш;
  • Инспекцияга юкланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб қилиш.

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • сув омборлари ва сел-сув омборлари, шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг ишончлилиги ҳамда уларнинг бехатар ишлашини назорат қилиш;
  • сув омборлари ва сел-сув омборлари, шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларининг лойиҳалаштирилиши, қурилиши, фойдаланишга қабул қилиниши, ишлатилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши, консервацияланиши ва тугатилишида иштирок этиш;
  • сув омборлари ва сел-сув омборлари, шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларининг ишончли қўриқланишининг ташкил этилишини назорат қилиш;
  • сунъий сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидалари (тартиби)га риоя этилиши устидан назорат қилиш;
  • сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Белгиланишича:

а) Инспекция:

  • қайта ташкил этилаётган Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг сунъий сув объектларида назоратни таъминлашга оид ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий тизимлари, шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси мавжуд штат бирлиги ва моддий-техник базаси билан тўлиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби билан ўтказилади;

б) Инспекцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ бошқаради;

в) Инспекция бошлиғи меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, Инспекция бошлиғи ўринбосарлари – вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

г) Инспекция бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир;

д) Инспекция Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Инспекция Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда тасарруфида сув омборлар ва сел-сув омборлари, гидроузеллар, насос станциялар ва бошқа сув хўжалиги объектлари бўлган ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда:

  • идоравий бўйсунувидан қатъий назар барча сув омборлар ва сел-сув омборлари, гидроузеллар, насос станциялар ва бошқа сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказади;
  • сув омборлар ва сел-сув омборлари, хавфлилик даражаси юқори бўлган гидроузеллар, насос станциялар ва бошқа сув хўжалиги объектлари рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда тасарруфида сув омборлар ва сел-сув омборлари, гидроузеллар, насос станциялар ва бошқа сув хўжалиги объектлари бўлган ташкилотлар:

  • объектларда фавқулодда вазиятларга йўл қўймаслик борасида мунтазам равишда профилактик тадбирларнинг ўтказилишини, таҳдидлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларининг олдиндан аниқланиши ва бартараф этиш чоралари кўрилишини, таҳдидлар ва хавфдан аҳолини огоҳлантириш, хабар бериш маҳаллий тизимлари яратилишини таъминлайдилар;
  • сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланишга топшириш, фойдаланиш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервациялаш, фойдаланишдан чиқариш ва тугатиш даврида уларнинг хавфсизлик меъёр ва қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлайдилар;
  • ҳар бир сув хўжалиги объектини лойиҳа-смета ҳужжатлари, фойдаланиш қоидалари ва йўриқномалари, хавфсизлик декларациялари, паспортлари ва кадастр ҳужжатлари билан таъминлаш, шунингдек, техник хавфсизлиги ва бехатар ишлаши юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, ижросини назоратга оладилар;
  • сув хўжалиги объектларида зарур бўлган авария моддий-техника захираларини яратадилар;
  • сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати ҳамда уларга табиий ва техноген омиллар таъсири устидан назорат (мониторинг)ни кучайтирадилар.

Инспекция ҳузурида сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа ваколатли идораларнинг раҳбарлари ёки масъул ўринбосарларидан иборат янгиланган таркибда Эксперт кенгаши ташкил этилади.

Қуйидагилар Эксперт кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • сув хўжалиги объектлари хавфсизлиги бўйича идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш;
  • сув хўжалиги объектларидан хавфсиз фойдаланиш ва уларнинг ишончли ишлаши бўйича устувор масалаларни кўриб чиқиш;
  • сув хўжалиги объектларининг барқарор ва бехатар ишлаши учун уларни реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш юзасидан тавсия бериш;
  • сув хўжалиги объектларининг хавфсизлик декларацияси экспертизаси натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш.

Эксперт кенгашининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилади.

Белгилаб қўйилишича, сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлаш орқали аҳолининг ҳаёти, соғлиги ва қонуний манфаатларини, атроф табиий муҳит ва хўжалик объектларини ишончли муҳофаза қилиш мақсадида Инспекция ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • Инспекция томонидан назорат қилинадиган сув хўжалиги объектларида инспекторлик текширувларини ўтказиш;
  • Инспекция томонидан назорат қилинадиган сув омборлари ва сел-сув омборлари, шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларига монеликсиз кириш, мазкур сув хўжалиги объектларининг бехатарлиги ва техник назоратини ташкил этиш масалаларига ҳамда уларга сув муҳофаза зонаси ва соҳилбўйи минтақаси ўрнатилганлигига доир материаллар билан танишиш;
  • Инспекция томонидан назорат қилинадиган сув хўжалиги объектлари техник ҳолатининг ишончлилиги, улардан фойдаланиш ва бехатарлигини таъминлаш ишларида ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида аниқланган қоида бузишларни, шунингдек, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва корхоналарга бажарилиши шарт бўлган тақдимнома ҳамда кўрсатмалар киритиш;
  • Инспекция томонидан назорат қилинадиган сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари ва хавфсизлик талаблари учун масъул бўлган раҳбар-мутахассисларнинг малакалари назоратини олиб бориш, уларни яхшилаш бўйича тегишли равишда юқори турувчи идораларга таклифлар киритиш.

Инспекция Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Туркқўрғон кўчаси 26-уй манзилида, Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари биноларига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.

Text to speech