Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Президентнинг “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:
сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобини юритиш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
Республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитларни яратиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва фойдаланишни таъминлаш;
ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш, сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизми ва аутсорсингни жорий қилиш;
лойиҳа-қидирув, экспертиза ва қурилиш ишларини сифатли ташкил қилиш, сув хўжалиги объектларини модернизациялаш ва ривожлантириш, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, тоифаланган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва экспертиза қилиш ишларига хорижий мутахассисларини жалб қилиш;
ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва объектнинг хавфсизлигини аниқ кўрсаткич ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали устувор лойиҳаларни белгилаш ва амалга ошириш;
сув хўжалиги соҳасида ресурстежамкор технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибаларни кенг қўллаш;
сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли иқтисодиёт соҳасидаги илғор ишланма ва технологияларни жорий қилиш;
сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этиш;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини (грантлар) жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси этиб қайта ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясидан сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлашга масъул бўлган 295 та ходимлар штат бирлиги билан бирга Инспекцияга ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:
а) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Жаҳон банки лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи, Осиё тараққиёт банки лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳлари лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи негизида:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини ташкил қилиш;
б) туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларини туман (Қувасой шаҳар) сув хўжалиги бўлимлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги сув хўжалиги соҳасидаги қурилиш ташкилотларини соҳа бўйича ихтисослашувини янада чуқурлаштириш юзасидан бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан эътиборан:
барча ер усти сунъий сув объектлари бўйича сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича назорат ҳамда барча ер усти сунъий сув объектларига сувни муҳофаза қилиш ва соҳил бўйи минтақаларини белгиланган тартибда ўрнатилиши устидан назорат Инспекция томонидан амалга ошириш;
Инспекцияга текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида 1 кундан ошмаган ҳолда ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда, сув хўжалиги соҳасида давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи харажатларининг сифат ва миқдор кўрсаткичларини ишлаб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
жорий йилнинг 1 октябрига қадар Сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги коллежлар ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда сув хўжалиги соҳасидаги муҳандис мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ҳудудий малака ошириш марказларини ташкил этади;
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида раҳбар ходимлар малакасини ошириш ҳамда ҳудудий малака ошириш марказлари учун тренерлар тайёрлашни тизимли йўлга қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш;
Сирдарё ва Жиззах вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари лойиҳаларини киритади.