Бу йил Жиззах воҳаси меҳнаткашлари учун бир мунча оғир келди. Сабаби, Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омборида юзага келган тошқин туфайли сувнинг қадр-қиммати вилоят аҳли учун ҳар қачонгидан ҳам билинди. Негаки Жиззах вилоятининг Арнасой, Зарбдор, Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод, Пахтакор ва Фориш туманларининг минг-минглаб гектар экин экиладиган ер майдонлари ҳамда Зомин ва Шароф Рашидов туманларининг маълум бир қисми ана шу сув омборидан келадиган Жанубий Мирзачўл магистрал канали орқали суғорилади. Вазиятдан чиқиб кетишнинг энг маъқул йўли- бу мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир.
Бу каби мураккаб вазият Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий органлари зиммасига ҳам қатор масъулиятни юклади.
Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талаблари ва қоидаларига риоя этилиши ҳамда уларнинг сувдан оқилона ва самарали фойдаланишини назорат қилиш мақсадида Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси ва Шароф Рашидов туман бўлими ходимлари Зомин ирригация тизими бошқармасига қарашли ДМ – 1 канали ПК-808 сув иншоатида навбатдаги мониторинг ва назорат тадбирларини олиб боришди. Ўрганишлар давомида айни кунлардаги сув танқислиги билан боғлиқ муаммо “Самарқандқудуқ” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги фермер хўжаликлари ва маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган хонадон эгаларини ҳам бирдек қийнаётгани маълум бўлди.
- Бизнинг ҳудудда 29 та пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда,-д ейди “Самарқандқудуқ” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси раиси Шароф Ибрагимов. – Айни кунларда 1379 гектар пахта майдонига сув олмоқдамиз. Бунинг учун ички навбатлар ташкил қилганмиз. Бироқ шундай бўлса-да, барибир сув етишмовчилиги ўз таъсирини ўтказаяпти.
Зомин ирригация тизими бошқармасига қарашли ДМ – 1 канали ПК-808 сув иншоатидан оқиб ўтган канал тумандаги “Самарқандқудуқ”дан ташқари, Навоий, Қулписар ва Меҳнатобод ҳудудларини ҳам оби-ҳаёт билан таъминлайди. Сув эса ҳаммага керак. Айниқса, ҳозирги паллада қишлоқ хўжалиги майдонлари ва аҳоли томорқаларига экилган экин турлари учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бироқ сувдан фойдаланишда ҳам давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган қонун – қоидалар, тартиб ва меъёрлар мавжуд.
-Туманимизда 64 та ҳолатда сувдан фойдаланишда камчиликлар аниқланиб, 25 та ҳолат бўйича судларга материаллар тақдим қилинган. Бунда сув хўжалиги соҳасида ҳисоб-китобларни юритиш, белгиланган лимит асосида тақсимлаб беришда хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Масъулларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан жаримига тортилиб, бу каби камчиликларга қайтадан йўл қўймасликлари учун тақдимномалар киритиб борилаяпти,-дейди “Ўзагроинспекция” нинг Шароф Рашидов туман бўлими катта инспектори Зокир Исмоилов. – Ҳозир маҳалла аҳолиси ва фермерлар ўртасида юзага келган низони ўрганиб чиқдик. Зомин ирригация тизими бошқармасига қарашли ДМ – 1 канали ПК-808 сув иншоатидан Самарқандқудуқ ҳудудига кирувчи сув йўли фақат битта бўлгани боис аҳоли ва фермер хўжаликлари ўртасида муаммо пайдо бўлган. Биз тушунтиришлар орқали ҳар икки тарафни муросага келтиришга эришдик.
Шу куни ўтказилган ўрганиш ва назорат тадбирида инспекция ходимлари яна бир ҳолатга дуч келишди. Вазиятга кўра, Самарқандқудуқ ҳудудидаги “Шижоаткор” фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган очиқ майдонга захлатиб сув қўйилаётганди. Чанқаган пахта майдонларига сув зарур бўлиб турган ва сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар кузатилаётган бир шароитда ер эгаларининг бу ҳаракати қанчалик тўғри? Хўжаликда эса сувчидан бошқа ҳеч кимни учратмадик. Сувчи акамиз аввалига сувни зовурдан олаётганини айтди, кейин савол – жавоблардан истеҳола қилди шекилли, дарҳол жуфтакни ростлади. Албатта сув билан боғлиқ бундай вазиятга инспекция ходимлари қонунда белгиланган тартибда чора кўрадилар. Лекин бундай мураккаб вазиятда дарё, канал, ер ва бетон ариқларда оқаётган сувнинг ҳар бир томчисидан оқилона фойдаланиш лозимлигини унутмаслик керак.
Маълумот ўрнида, Инспекцияниинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи чорак якуни бўйича жами ўтказилган 305 та ўрганишларда 297 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузилишларнинг 80 тасига инспекциянинг туман бўлимлари томонидан 30 млн 774 минг сўм миқдоридаги маъмурий жарималар қўлланилиб, 100 та ҳолат тегишлилиги бўйича маъмурий судлар ва прокуратурага оширилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини бузишда ифодаланган 91 та ҳолатга жами 32 млн 690 минг сўм молиявий санкциялар қўлланилган.
Умрзоқ Хамдамов, “Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектор