Навоий вилояти марказидан анча узоқда жойлашган Томди тумани асосан чорвачиликка ихтисослашгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳудудда ёзнинг жазирамаси-ю қишнинг қаҳратонидан чорвани беталофат олиб чиқадиган, қўйчилик сир-асрорини яхши биладиган кўп йиллик тажрибага эга чўпонлар талайгина. Бугунги кунда тумандаги мавжуд иккита, “Талас қудуқ” ҳамда “Томди машъали” наслчилик хўжаликларида 800 дан ортиқ майда шохли моллар боқилмоқда.
“Ўзагроинспекция” туман бўлими ходимлари томонидан хўжаликларда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича учрашувлар, шунингдек, соҳага оид қонунчиликка амал қилиниши юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилиш - биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали ҳайвонларга индивидуал рақам бериш, ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш ва уларга ветеринария паспортини расмийлаштириш ҳисобланади. “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини тўғрисида”ги Низомга асосан ”Ветеринария паспорти - ҳайвонга берилган идентификация рақамига мувофиқ расмийлаштирилган, ҳайвон эгасининг исм-шарифи, яшаш манзилини белгиловчи, уларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва эмлаш, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган, ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланадиган ҳужжат ҳисобланади.
Бу тадбирнинг аҳамияти наслдор ҳайвонларни зотини ветеринария паспорти орқали ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, касалликларга қарши эмланганлиги ва даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотларни билиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳайвонларни идентификациялаш ички ва ташқи бозорга чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини қайси ҳайвондан олинганлиги, у идентификациялангани, ҳисобга олингани, соғломлиги, касал бўлмаганлиги, мажбурий сўйилмагани, ундан олинган маҳсулотлар истеъмолга яроқлилиги ва бошқа шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
- Ҳайвонларни идентификациядан ўтказиш шарт. Буни бажармаслик ҳайвонлар зотини ва ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка олиб келади,- дейди “Ўзагроинспекция” туман бўлимининг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими катта инспектори Абулғози Усербаев.- Туман ҳокимлиги ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъул ходимлари билан бирга жойларда бўлиб, йирик ва майда шохли молларини идентефикациядан ўтказиш, электрон базага киритиш бўйича тушунчалар бериб келинмоқда. Натижада ҳудуддаги иккала наслчилик хўжаликларидаги барча наслли қўй-қўзилар тўлиқ идентификациядан ўтказилди. Бундан ташқари, ҳайвонларни наслини сақлаб қолиш ва уларни асраш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мунтазам давом этаётган назорат тадбирларимизда соҳага оид қоидаларга амал қилиш зарурлиги алоҳида уқтирилмоқда. Чорвачиликка оид қонун ва қарорлар моҳияти атрофлича тушунтирилмоқда.
Эътирофлиси, наслли майда шохли молларни кўпайтириш мақсадида куз ойида “Талас қудуқ” наслчилик хўжалиги раҳбари Нурдулат Зарипов кредит маблағи ҳисобига Қозоғистондан 100 га яқин наслли қўй олиб келишни режалаштирган. Айтиш керакки, чорвачиликни ривожлантириш борасида туманда амалга оширилаётган бу каби ишлар аҳолини наслдор ҳайвонларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати