Ру Ўз O`z En

Уруғлик пахта хом ашёсини тайёрлов корхоналарига қабул қилиш тартиби қандай?

29 Сентябрь 2020 3830

Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарорига биноан "Ўзагроинспекция"га қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши соҳасида бир қатор ҳуқуқлар ва ваколатлар берилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат олиб боради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзагроинспекция" томонидан тасдиқланган “2020 йил мавсумида уруғчилик фермер хўжаликларидан сифатли уруғлик пахта тайёрлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш қўшма баёни”га кўра келгуси йил ҳосили учун 178,4 минг тонна уруғлик пахта жамғарилиши белгиланган бўлиб, уруғликларнинг сифатли қабул қилинишида тайёрлов корхоналарига бир қатор масъулиятлар юкланади.

Жумладан, уруғлик пахтани уруғлик пахта апробацияси натижаларига асосан, O’z DSt: 642:2013 “Уруғлик пахта. Техникавий шартлар” ва O’z DSt 615:2008 “Пахта. Техникавий шартлар” давлат стандарти талаблари асосида қабул қилишни таъминлаш, уруғликларни сутканинг ёруғ кунида кеч соат 19:00 гача қабул қилиш, имкони борича уруғлик тўдаларини корхона олди масканларига жамғариш лозим бўлади.

Шунингдек, пахта тозалаш корхоналари ва масканлари уруғлик пахтани навлар ва авлодлари бўйича алоҳида ғарамлар, ёпиқ бостирмалар ва қабул қилувчи ПЛ, ХПП ҳамда узатувчи ТЛХ-18, КЛП-650 мосламалар, малакали пахта ғарамловчи ишчилар билан тўлиқ таъминлашни ташкил қилади.

Уруғлик пахтани қабул қилиб олишда қабул қилувчи ходим 1-СХ (пахта) шакл юк хатидаги ёзувларнинг тўғрилигини ва уларнинг 2-шаклга расмийлаштирилган апробация далолатномасига тўғри келиш-келмаслигини текшириб чиқади. Юк хати бўлмаса ёки ундаги ёзувлар апробация далолатномасига тўғри келмаса, уруғлик пахта апробацияни ўтказган агроном томонидан унинг сифати ва характеристкаси аниқланмагунча қабул қилиб олинмайди.

Уруғлик пахта пишиб етилганлик коэффициенти (1,9 дан кам бўлмаган ҳолда) ранги ва ташқи кўриниши бўйича O’z DSt 615:2008 1-нав 1- синф пахта талабларига мувофиқ келиши шарт.

Хўжалик томонидан топшириш учун келтирилган уруғлик пахтанинг намлиги ва ифлослиги O’z DSt 615:2008 давлат стандарти талабларида белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлса, қуритиш ва тозалаш учун хўжаликка қайтарилади (супер элита, элита ва 1-авлодга мансуб бўлса) ёки 2 ва 3-авлодга мансуб бўлса хўжаликнинг розилиги билан техник пахтага қабул қилиниши мумкин.

Фермер хўжаликлари ёки уруғлик пахта етиштирувчи бошқа субъектлар томонидан топширилаётган пахта супер элита, элита ва 1-авлодга мансуб бўлса уларнинг намлик ва ифлослиги 1-нав, 1-синф талабларига (намлик-8%, ифлослик- 3%) мос келиши шарт.

Уруғлик пахтада тош, газлама қийқимлари, кўк кўсак ёки унинг чаноқлари, 4 см2 гача бўлган ғўзанинг кўк барглари, кўк ўтлар ҳамда кўкарган ва мойланган пахта паллачаси кўринишидаги турли хил бегона нарсалар бўлмаслиги керак.

Уруғлик пахтани тайёрлашда хом терилган ва касалликка учраган пахтани қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Қабул масканларида уруғлик пахта хом ашёси юқорида келтирилган давлат стандартлари талабларига амал қилинган ҳолда қабул қилинса, ўйлаймизки, келгуси йил мавсуми учун юқори сифатли уруғлик чигит тайёрлашга мустаҳкам замин яратилади.

Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими.

 

Text to speech