Юртбошимиз ташаббуси билан ғаллачиликни ривожлантиришда ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос, ҳосилдорлиги ва сифати юқори истиқболли навлар яратиш, халқимизни сифатли нон маҳсулотлари билан таъминлаш агросоҳадаги мутахассисларнинг асосий мақсад ва вазифаси ҳисобланади.
Жорий йилда Бухоро вилояти фермер хўжаликлари томонидан дон корхоналарига давлат эҳтиёжи учун 164 минг 479 тонна товар ва 15 минг 200 тонна уруғлик дон топшириш бўйича контрактация шартномалари тузилган ва контрактация шартномаларида давлат эҳтиёжи учун 3-синф талабига мос буғдой дони топширишлари белгиланган. Бунинг учун фермер хўжаликлари бугунги кунда нималарга эътибор беришлари ва улар учун бу қандай иқтисодий аҳамиятга эгалигини билишлари муҳим аҳамиятга эгадир. Дон қабул қилиш корхоналарига топшириш режалаштирилган буғдой дони, тайёрлаш ва етказиб беришга бўлган талаблар давлат стандарти асосида қабул қилинади ва ушбу меъёрий ҳужжатга асосан буғдой дони сифатига кўра 5 та синфга бўлинади. Дон корхоналарига топширилган дон учун фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари давлат стандартида кўрсатилган синфлар бўйича олиб борилади.
Буғдойнинг синфини аниқлашда юқорида қайд этилган давлат стандартида кўрсатилган дон сифат кўрсаткичларининг энг ёмон сифат кўрсаткичи эътиборга олинади ва бу буғдойнинг синфидан келиб чиқиб нархини белгиловчи асосий омил бўлиб ҳисобланади. Буғдой синфи қанча юқори бўлса унинг сифати юқори ва нархи баланд бўлади. Фермер хўжалиги билан дон қабул қилиш корхонаси ўртасида тузилган контрактация шартномасига асосан топширилаётган буғдой дони давлат андозасида кўрсатилган чекланган меъёрга асосан намлиги 17,0 фоиздан, ифлослик аралашмаси 5,0 фоиздан, дон аралашмаси 15,0 фоиздан юқори, натура оғирлиги 710 г/л дан паст бўлмаслиги белгиланган.
Бунинг учун дон етиштирувчи фермер хўжаликлари айни кунларда нималарга эътибор беришлари талаб қилинади, бугунги кунда ғалла майдонларида етиштирилаётган буғдойни белгиланган агротехник тадбирлар талабларини бекаму кўст бажаришлари, бегона ўт ва ҳар ҳил касалликлардан айниқса ғалла кушандаси бўлмиш зарарли ҳасвага қарши курашиш чораларини кўришлари, топширилаётган донни чекланган меъёр талабига мос ҳолда бирламчи тозалаб ва қуритиб топширишлари шарт бўлади.
Деҳқонлар тажрибасидан маълумки, ҳасва билан зарарланган ғалла майдонлари донининг сифати ва синфи паст бўлади, ноозиқ-овқат саноатига ишлатиш учун яроқли, нарҳи паст бўлган бешинчи синф тоифасидаги дон сифатида қабул қилинади, бу эса фермер хўжалиги даромадига салбий таъсир қилади. Агар акси бўлсаю, юқори синф талабига мос буғдой етиштирилса даромад ошади имкониятлар кенгаяди, сифати паст ғалла майдонлари кескин камайиб, давлатга сифатли ғалла, халқимиз дастурхонига янада сифатли нон маҳсулотлари етказиб берилади, пировард натижада фермер хўжаликларининг даромади ошади, имкониятлари кенгайишига замин яратилади. Чунончи, Бухоро вилоятида мустақилликкача деярли дон етиштирилмаган. Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўтказилган янги ислоҳотлар натижасида вилоятда дон етиштириш салмоғи кўпайиб Давлат хирмонларига 181 минг 170 тонна атрофида сифатли дон қабул қилиб олинмоқда.
Ўз навбатида етиштирилаётган донни давлат омборларига қабул қилиб олиниши, сифатли сақланиши ҳамда донни қайта ишлашда дон ва дон маҳсулотларидан оқилона фойдаланишда "Ўзагроинспекция"нинг Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бухоро вилоятида дон етиштириш учун ўтказилган изланишлар, донни нонвойчилик хусусиятларига қараб нав танлашда "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" ДУК Бухоро вилояти филиали ходимлари ҳамда вилоят дон корхоналари мутахассислари билан биргаликда баҳамжиҳат меҳнат қилиб 2020 йил ҳосили учун сифатли буғдой тайёрланди. Ушбу етиштирилган ғаллани нонвойчилик хусусиятлари умумтаҳлил (обеследование)дан ўтказилганда 5 баллик мезон билан баҳолашда 4 балл билан баҳоланди.
Бухоро вилоятида Давлат ресурсидаги донни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар тимсолида бу ишларни бажарилиши мониторинг қилинганда 2020 йил ҳосилидан қабул қилинган бошоқли донлар 1 сентябрь ҳолатида тўлиқ омборлар ва махсус ёпиқ сиғимларга киритилиб сақланиши режалаштирилган. Кейинги йиллар мобайнида донни сақлаш ишларини янада яхшилаш мақсадида замонавий турдаги металл сиғимлар ва шамоллатиш турлари мавжуд механизациялаштирилган омборлар, булар, "Бухородонмаҳсулотлари" АЖда 3000 тонна металл сиғим ва 20000 тонна. "Қоракўлдонмаҳсулотлари" акциядорлик жамиятида 15000 тонна, "Қоракўлдонмаҳсулотлари" АЖга қарашли "Яккатут" МЧЖда 3000 тонна металл сиғим ва 27 000 тонна сиғимга эга бўлган механизациялаштирилган омборлар қурилиб ишга туширилди.
Қабул қилинган дон маҳсулотлари сифати, сақланиши, уларни жойлаштириш тартибига риоя қилиниши, уларнинг миқдори ва сифати бўйича ҳисобга олишнинг тўғрилиги, донларнинг сақлашда табиий камайиш нормалари қўлланишининг асосланганлиги устидан доимий назоратини амалга ошириш инспекциянинг асосий вазифаларидан биридир.
К.Аҳмедов, Дон уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи