Ру Ўз O`z En

12 минг 942 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувнинг исроф бўлиши олди олинди

8 Сентябрь 2022 1265

Бу ҳақда AОКАда «Ўзагроинспекция» ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Бугунги кунда, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув исроф бўлишини эрта олдини олиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида тадбиркорлик субъектларида профилактика ва амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги инспекторлар томонидан шу йилнинг ўзида жойларда 16 минг 187 та профилактика тадбирлари ўтказилган бўлиб, унда 34 173 нафар фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари иштирок этди.

Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 12 минг 942 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни исроф бўлиши олди олинганишига эришилди.

Жумладан, экин майдонларини кўллатиб суғориш, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва бошқа шу каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, 3 минг 245 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинди.

Бунинг натижасида эса, 2021 йилда субсидия олиб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган, лекин мазкур технологияни  2022 йилда йилда ишлатишга улгурмаган 15 мингдан ортиқ гектар майдонда  технологиялар ишга туширилишига эришилди.

Инспекция ходимларининг бевосита амалий ёрдами билан :

1690 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилди;

2000 ортиқ ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда кўмаклашилди;

300 дан зиёд объектда ўқув семинарлари ташкил қилиниб,
1 472 та ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, ундаги талаблар бузилишининг олдини олишга қаратилган услубий ва тавсиявий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, сув танқислиги сезилган ҳудудларда бир суғориш тармоғидан фойдаланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар ўртасида сувдан навбатлаб фойдаланиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Бугунги кунда, Инспекция ходимлари томонидан профилактика тадбирлари ўтказилиши натижасида сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.

“Ўзагроинспекция” Ахборот хизмати

Text to speech