Ғалла – халқмиз ризқ-рўзи ва дастурхонимиз тўкинлиги манбаи! Бугунги кунда мамлакатимиз ғалла майдонларида пишиб етилган бошоқлар кўзингизни қувнатиб юқори ҳосилдорликдан дарак бериб турибди.
2025 йил ҳосили учун республика бўйича 156 та қишлоқ хўжалиги туманлардаги 38 мингга яқин фермер хўжаликлари ҳамда 147 та ғаллачилик кластерлари томонидан 1 миллион гектардан ортиқ майдонларда ғалла етиштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқори ҳосилдорликка эришишда ер тайёрлаш, унумдор навли уруғлар танлаш ҳамда уруғ қадашдан тортиб, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ташкил этилишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан доимий равишда олиб борилган тизимли ишлар муҳим аҳамиятга эга.
Айни кунларда Қишлоқ хўжалигида долзарб тадбирлардан бири бўлган ғалла ўрими мавсуми ҳам бошланмоқда.
2025 йил ғалла ҳосилини қисқа муддатда нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш мақсадида “Ўзагроинспексия” ходимлари томонидан мунтазам мониторинг тадбирлари олиб борилди. Тадбирларда дон ўриш комбайнларини созлиги, уларнинг ўримга шайлиги кўрикдан ўтказилиб мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди.
Бугунги кунда Республика бўйича жами 3 мингдан ортиқ комбайнлар мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.
Қувонарлиси эса жорий йилда Республикамиз бўйлаб 195 та янги замонавий, юқори унумли комбайнлар харид қилинди.
Шунингдек, ўрилган ҳосилни дон қабул қилиш корхоналарига ташиш учун 14 133 та юк автомобиллари, ёнилғи мойлаш маҳсулотларини етказиб бериш учун 1 127 та кўчма ёнилғи қўйиш агрегатлари ҳамда сервис хизматларини кўрсатиш учун 468 та кўчма таъмирлаш устахоналари сафарбар этилади.
Ҳудудларда "Ўзагроинспексия" ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда тегишли масъуллардан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар томонидан таъмирдан чиқарилган комбайнлар махсус сертификат асосида қабул қилинди.
“Ўзагроинспексия” назорати ва амалий ёрдами асосида Республика бўйича жами 200 та дон қабул қилиш масканларининг моддий-техника базаси 2025 йил ғалла ҳосилини сифатли қабул қилишга тайёрланди. Ушбу масканлардаги лабораториялар зарурий ўлчов воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.
Шунингдек, автомобиль, тарозилари ва лаборатория ўлчов воситалари давлат стандартлари талаблари асосида метрология қиёсловидан ўтказилиб, сертификатлар билан таъминланди.
Дон қабул қилиш масканларининг барчасида “ҳосил қабули” электрон тизими ишга туширилиб, тарозиларга тўлиқ кузатув камералари ўрнатилди. Қабул жараёнларида қоғозбозликка барҳам берилиб, юк хатлари ва ҳисоб варақлари электрон ахборот тизими орқали юритилади.
Бир сўз билан айтганда эса 2025 йил ҳосили тўлиқ рақамлаштирилган тизимда қабул қилинади.
Маълумот учун Ўзагроинспексия томонидан ғалла ўрим йиғим мавсумининг сифатли амалга оширилиши қонунчиликка мувофиқ назорат қилиб борилади.
“Ўзагроинспексия” ахборот хизмати