Келгуси йил ҳосили учун Республика бўйича 1 млн 7,3 минг гектардан зиёд майдонга кузги бошоқли дон экинлари экилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 311,5 минг гектар очиқ майдонларда ҳамда 695,8 минг гектар ғўза қатор орасига кузги бошоқли дон экиш ишлари давом этмоқда.
Ҳукуматнинг амалий ёрдами билан кузги бошоқли дон экинларини экишга ер тайёрлаш ва экиш учун зарур бўладиган ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, маблағ масаласи ва бошқа моддий ресурслар таъминоти ҳал этилган бўлиб, ғалла экиш ишларини оптимал муддатларда якунлаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, ғалла экиш учун ер тайёрлаш ва экиш ишларини ўз муддатида, сифатли амалга ошириш ҳамда экиш учун талаб этиладиган минерал ўғитларнинг захирасини яратилиши юзасидан жойларда Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жойларда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 8 минг 750 нафар фермер хўжаликларининг 80,2 минг гектар майдонларида хато ва камчиликлар аниқланиб шундан, ғалла экиш учун 1 минг 802 нафар фермер хўжаликлари 7 минг 345 гектар ер майдонларини нотекис ва 1683 нафар фермер хўжаликлари 6 минг 510 гектар ер майдонларини кесакли қилиб тайёрлаганлиги, 547 нафар фермер хўжаликларининг 2 минг 41 гектар майдонларига ғалла сифатсиз экилганлиги, 1 минг 720 нафар фермер хўжаликлари 7 минг 548 гектар ер майдонларида ерга ер қўшиш ишларини бажармасдан дала атрофларини тўлиқ ҳайдамасдан ер тайёрлаб ғалла экилганлиги ҳамда 325 нафар фермер хўжаликлари 4 минг 555 гектар ер майдонларига фосфорли ўғит бермасдан ғалла экиб юборганлиги аниқланган.
Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан маҳаллий ҳокимликларга, соҳа раҳбарларига 113 та тақдимнома ва фермер хўжаликларига 11159 та огоҳлантириш хатлари берилиши таъминланди.
Бу борда Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан мавсум давомида мониторинг тадбирлари олиб борилиб, жойларда кузги ғалла экиш учун ер тайёрлаш ва экиш ишларининг бориши доимий назорат қилиб борилади.
Инспекциянинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими