Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 310-сонли “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан сунъий сув объектларидаги сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувнинг ҳисоб-ктоби юритилиши юзасидан жойларда мақсадли ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, белгиланган тартибда ўтказилган ўрганишларда жами 3141 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:
Жумладан, сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобида бўлган ирригация тизимларида 603 та сув олиш жойларидаги сувни бошқариш воситалари, 406 та сув олиш жойларидаги сув ўлчаш воситалари носозлиги, 229 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаганлиги ҳамда 340 та сув олиш жойларида журналлар хатоликлар билан юритилганлиги аниқланди.
Шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ишлатилаётган суғориш тармоқларидаги 1022 та сув олиш жойлари сувни бошқариш, 851 та сув олиш жойлари сув ўлчаш воситалари билан жиҳозланмаган. 1422 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмаган.
Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекция томонидан ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 567 та (211,3 млн.сўм) маъмурий, 836 та (607,5 млн.сўм) жарима санкция қўлланилди. 870 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун маъмурий судларга киритилиши таъминланди.
Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 418 та ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 2178 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.
"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими