Ру Ўз O`z En

Бу мавсумда Учқўрғонда 29 та замонавий машинада пахта терилади

25 Август 2022 1267

Саноқли кунлардан сўнг пахта мавсуми бошланиб, далаларда етиштирилган оқ олтиндан хирмон кўтарилади. Энг муҳими йил бўйи қилинган меҳнатнинг ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолмай териб олишдир. Аммо ҳосилни нес-нобуд қилмай, ўз вақтида йиғиштириб олиш учун биргина фермер хўжалиги аъзоларининг вақти ҳам, имкони ҳам етмайди. Шу боис ўтган йиллар давомида йиғим-терим ишларига ҳашарчиларни жалб қилиш, уларга ортиқча харажат қилинишига, асосий ишларининг чала қолишига сабаб бўларди. Кейинги йилларда эса замонавий пахта териш машиналарининг харид қилиниши ана шу оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

 

2021 йили Учқўрғон туманидаги кластер ва фермер хўжаликлари ихтиёрида 4 та пахта териш машиналари бор эди, бу йил “Теxtil finans Namangan” хорижий корхонасининг Учқўрғон кластер корхонаси томонидан умумий қиймати 138 миллиард сўмликдан ортиқ, АҚШда ишлаб чиқарилган 25 та замонавий пахта териш машинаси ҳамда мамлакатимизда тайёрланган 50 та трактор тиркамаси харид қилинди.

-  Кластер корхонамизга тегишли бўлган 27 та пахта териш машинасининг ҳар бири кунига ўртача 10 гектар майдондаги ҳосилни йиғиштириб олса кунига 270 гектар ердаги пахтани териш имкониятига эга. Мавсум давомида эса 221 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 5 минг 305 гектар майдондаги пахтани машина ёрдамида теришни режалаштирдик. Бунинг учун куч ва имкониятларимиз етарли,-дейди биз билан суҳбатда кластер корхонасининг транспорт бўлими бошлиғи Комилжон Тожиқулов. –Айни вақтда пахта териш машиналарини бошқарувчи ходимлар малакасини оширмоқдамиз.

-  “Ўзагроинспекциянинг туман бўлими томонидан олиб келинган пахта териш машиналари ва тиркамаларни давлат рўйхатидан ўтказилиб, тегишли давлат рақамлари ҳамда техник паспортлари ўз вақтида берилди,-дейди инспекция туман бўлимининг катта инспектори Музаффар Ўрмонов.- Шу билан бирга туман бўйича ҳар бир ҳудудда ғўза дефолиацияси ва пахта йиғим-теримида қатнашадиган техникаларни мавсумга тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, машина теримининг афзаллиги нафақат иқтисодий, балки ижтимоий кўрсаткичлар, натижаларда ҳам ўзини намоён этади. 200 тонна пахта етиштирган фермер хўжалигида 134 нафар ёрдамчига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг ишини 2 та машинанинг 2 нафар механик-ҳайдовчиси бажаради. Ҳамма ўзининг юмуши билан шуғулланади. Энг муҳими, битта фермер хўжалигидаги пахта йиғим-терим мавсуми 25–30 кунда эмас, 7–10 кунда якунланади. Ҳосил тез йиғиб-териб олинади, кузги шудгор мақбул муддатларда сифатли бажарилади. Ғалла ва оралиқ экинларни эрта муддатларда экиб, қийғос кўкартириб олишга эришилади.

И. Мусаев, “Ўзагроинспекция” Наманган вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар шўбаси бош инспектори

Text to speech