1. Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолиятига оид ҳисоботи (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектлар, уларнинг якуний бенефициар (фойда олувчи) жисмоний шахслари, уларнинг тўлаган солиқлари ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотлар.
3. Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан давлат харидларини амалга оширувчи шахслар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).
4. Мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).
5. Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар (харид эълон қилинишидан камида 6 ой олдин).
6. Давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган харид комиссияларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан:
7. Давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда тегишлича ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, назорат тадбирининг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотлар (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг).
8. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) рўйхати (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхати.
9. Ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотлар.
10. Давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар.
11. Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар.
12. Давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар.
13. Давлат муассасалари рўйхати (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно).
14. Тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш
ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотлар.
15. Давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар (тезкор-қидирув, ҳарбий ва бошқа махсус хизматларда фойдаланиладиган ашёлар бундан мустасно).
16. Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими) тўғрисидаги маълумотлар.
17. Қуйидаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар эгаларининг исми ва фамилиялари:
18. Тегишлича ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар эгалари, тақдим этилган участка (майдонлар, фойдали қазилмалар) тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар.
19. Дарёлар ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё” давлат унитар корхонаси (хўжалик жамияти) томонидан белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар.
20. Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун берилган барча рухсатномалар эгалари тўғрисидаги маълумотлар.
21. Ўзбекистон Республикаси давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун берилган рухсатнома эгалари тўғрисидаги маълумотлар.
22. Давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари, харажатлари тўғрисидаги маълумотлар.
23. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига мулк ёки ижара ҳуқуқини электрон аукцион (“E-IJRO AUKSION”) орқали сотиб олган шахслар тўғрисида маълумотлар.
24. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини бериш бўйича очиқ танлов ғолиблари бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар.
25. Маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар.
26. Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар:
27. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олаётган шахслар (14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пулли компенсацияни олаётганлар) ҳақида ҳамда ишсизлик нафақасини олаётган шахслар (фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси) тўғрисидаги вилоят, туман, шаҳарлар кесимидаги маълумотлар.
28. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларнинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш ҳақида берган аризалари рўйхати (навбати) тўғрисидаги маълумотлар.
29. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан:
30. Давлат органлари ва ташкилотларининг тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режалари (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).
31. Давлат органларига доимий фойдаланиш учун берилган ер майдонлари ва бошқа мол-мулкларни давлат-хусусий шериклик асосида олган юридик ва жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар.
32. Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларнинг ташқи ёки ишончли бошқарувга берилган давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари, ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар тўғрисидаги маълумотлар.
33. Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасида қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни акс эттириш:
@huquqiyaxborot