ССВ матбуот хизмати Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевга мурожаат қилиб, бундай жазирама кунларда офтоб урмаслиги учун нима қилиш кераклиги, қандай кийиниш ва овқатланиш орқали иссиқдан ҳимояланиш мумкинлиги ҳақида сўради.
Тез ёрдамга мурожаат
Ўзбекистон аҳолиси бундай аномал иссиқ иқлим кунларида зарурат сезганда, «103» хизматига мурожаат қилиб, тун-у кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг худудлардаги 13та филиали ҳамда 173та туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.
Кузатилаётган бундай жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин.
Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилиши, тери қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юрак тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Бундай ҳолатларда қандай ёрдам кўрсатилади?
Офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошини ечиб, муздек сувда ҳўлланган чойшаб бутун танасига ўралади, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан холи бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади. Тез ёрдам етиб келгунга қадар юқоридаги муолажалар давом эттирилади.
Иложи борича куннинг биринчи ярмида бош кийим кийган ҳолда сайр қилиш, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.
Қандай кийиниш керак?
Ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунингдек, кийим танлашда мато рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигар ранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли матодан тикилган кийимлар эса, иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.
@Kun.uz