Ру Ўз O`z En

Уруғлик чигит тайёрлаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди

12 Февраль 2024 1711

Пахта экинидан мўл ҳосил олишда, аввало, ерга қадаладиган уруғлик чигитининг сифати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва қишлоқ хўжалик зараркунандалари ва касалликларига қарши дорилаш ишларига катта эътибор берилади.

Шу мақсадда Косон туманида жойлашган "Бунёдкор" МЧЖ кластерида 2024-йил пахта ҳосили учун сифатли уруғлик чигит тайёрлаш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унда соҳага алоқадор ташкилот раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирок этди.

Семинарда ғўзани касаллик, ҳашарот ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни дорилашнинг аҳамияти ва уруғлик чигитни тайёрлашда лаборатория таҳлилларининг ўз вақтида ўтказилиши ҳамда чигитни сертификатлаш, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ҳамда тиндирилган уруғларни туманлар кесимида тақсимот режаси бўйича тарқатиш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар захираси яратиш бўйича келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, Қашқадарё вилоятда 133 минг 50 гектар майдонга чигит экиш белгиланган бўлиб, бунинг учун 5 минг 873  тонна уруғлик чигит сарфланиши режалаштирилган. Вилоятдаги 4 та уруғлик чигит тайёрлаш цехида жами 4 минг 168 тонна уруғлик чигит тайёрланган бўлиб, шундан 1 минг 67 тоннаси туксиз уруғлик чигитни ташкил қилади.

Хусусан, Косон туманидаги уруғлик цехида 851 тонна уруғлик чигитнинг 594 тоннаси дорилаб қадоқланди.

Семинар якунида ишларни жадаллаштириш бўйича масъулларга зарурий кўрсатмалар берилди.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech