Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб ғалла ўрим-йиғим ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Навоий вилоятида ҳам комбайн операторлари кечаю кундуз меҳнат қилиб, халқимиз ризқ-рўзи ҳисобланган донни нест-нобуд қилмай ғамлаб олишда жонбозлик кўрсатишяпти.
Таъкидлаш керакки, ғалладан юқори ҳосил олаётган фермер хўжаликлари ютуғида нафақат механизатордан тортиб сувчигача бўлган жамоанинг меҳнати балки “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки кечиктирилмай олиб борилган агротехник тадбирлар назорати ҳосилнинг кутилганидек бўлишига хизмат қилиши табиий.
Вилоятнинг Навбаҳор туманида жорий йил 8682 гектар майдонга кузги бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, 15 июнь ҳолатига кўра, 700 гектар майдондан ғалла ўриб-йиғиб олинди. Бу эса кунига 153 гектар майдондан дон йиғиштириб олиняпти, деганидир. Мавсум бошидан буён уюлган хирмон
4 минг 427 тоннадан ошди. Галдаги асосий вазифа эса ғалладан бўшаган майдонларга пешма-пеш такрорий экинлар экилиши ҳисобланади. Буни назорат қилиш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими ходимлари ҳудудлардаги фермерлар билан учрашиб, тарғибот ишларини олиб бормоқда.
- Ғалладан бўшаган майдон уч кун ичида шудгор қилиниб, такрорий экин – сабзи, картошка, мош, ошқовоқ ва бошқалар экилиши керак, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Навбаҳор туман бўлими инспектори Бобур Пайзиев.
- Бу бўйича ҳар бир фермер хўжаликларида бўлиб, ишни кечиктирмай, сифатли олиб боришлари тушунтириляпти. Шудгорлашни орқага сураётган фермерлар огоҳлантирилмоқда. Такрорий экин озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимиз тўкин бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Жорий йил туман бўйича 5 минг 520 гектар ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин экиш режалаштирилган. Бунинг тўлиқ бажарилиши назоратимизда бўлади.
Ҳудудда жойлашган “Мафтуна Ойсулув” кўп тармоқли фермер хўжалигининг 94 гектарига кузги бошоқли дон экини экилган эди. Фермер хўжалик раиси Ғолиб Облоқулов ғалладан бўшаган дастлабки 20 гектар майдонга маккажўхори экини экилди. Сабаби такрорий экин сифатида экилаётган маккажўхори фермер хўжаликнинг чорваси учун озуқа захираси ҳисобланади.
- Шудгорлаш ишларини тугатиб, маккажўхорининг хориждан келтирилган серҳосил уруғидан экдик, - дейди фермер хўжалиги раиси Ғ.Облоқулов. – Яқинда Голландиядан 200 бош қорамол харид қилиб, келтиряпмиз. Маккажўхори силоси чорва учун тўйимли озуқа бўлишини ҳисобга олиб, яна 100 гектар майдонга силослик ва 50 гектарга дон учун маккажўхори экишни мўлжаллаб турибмиз. Бундан ташқари, такрорий экин сифатида 20 гектар ерга сабзи, 15 гектарига мош, 5 гектарига тарвуз ва қолган ерларга ҳам бошқа экинлардан экамиз. Техникаларимиз етарли. Агротехник тадбирларни вақтида олиб борсак, экинлардан мўл ҳосил олишга эришамиз.
Айни кунларда туманда ғалла ўрим-йиғими якунланган майдонларда сомондан тозалаш ва шудгорга ҳозирлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.
"Ўзагроинспекция" Навоий вилояти бошқармаси