Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун қатор агротехник тадбирлар, жумладан ўсимликларни зараркунанда ҳамда касалликлардан ҳимоя қилишни илмий асосланган тадбирлар асосида ўтказиш талаб этилади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), трихограмма, бракон ва олтинкўз каби энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган.
Мамлакатимиз олимлари томонидан ғўзани биологик усулда ҳимоя қилишнинг иқтисодий, биологик ва экологик афзалликлари билан ажралиб турувчи тизими яратилган.
Аммо, айрим биолабораторияларда биомаҳсулотларни кўпайтиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларнинг сифатига эътибор берилмаслиги, далага тарқатишдаги хатоликлар натижасида бу усулдан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, далага тарқатилган биомаҳсулотларнинг натижаси кўринмаётганининг асосий сабабларидан бири, жойларда фойдали ҳашаротларнинг авлодини янгилаш ишларига эътибор берилмаётганлигидир. Биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотларнинг маҳсулдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш ва зараркунандаларга қарши самарали таъсир кўрсатишини таъминлаш учун биомаҳсулотлар авлодини янгилаш муҳим аҳамиятга эга.
Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларида биологик усулни кенг қўллаш мақсадида бугунги кунда туманларда 66 та биолабораториялар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу биолабораторияларда 760 кг Трихограмма, 350 млн. дона Бракон, 398 млн. дона Олтинкўз биомаҳсулотлари кўпайтирилиши режалаштирилган. Қиш мавсумида биолаборатория хоналарини иситиш, биомаҳсулотлар кўпайтириш учун оптимал ҳароратни ушлаб туриш, кўпайтирилаётган ва диапаузага қўйилган биомаҳсулотларни қишдан беталофат олиб чиқиш, озуқа ҳамда иситиш маҳсулотлари захирасини яратиш каби талабларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур талабларга қай даражада риоя этилаётганини ўрганиш мақсадида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан тизимли мониторинг-назорат тадбирлари амалга оширилиб, мавжуд камчиликлар бартараф қилиниши таъминланмоқда.
Бундан ташқари биомаҳсулотлар кўпайтириш учун энг асосий озуқа маҳсулотлари захирасини яратиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандаларига қарши биологик усулда курашишга пухта тайёргарлик кўрилишини таъминлаш мақсадида "Ўзагроинспекция" Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан туманларида мавжуд «Муятдин-Мухтор” МЧЖ, “Калта Минор био” МЧЖ, “Жайҳун био” МЧЖ, “Жасмина” МЧЖ, “Сарибий Жўшқин био” МЧЖ, “Муборак био” МЧЖ, “Қанжигали био” МЧЖ, “Бўз-сув био” МЧЖ, “Санамжон био” МЧЖлар биолабораторияларда мониторинг назорат тадбирлари ўтказилиши натижасида биолабораторияларда мавжуд ўлчов ва синов воситалари (ҳарорат ўлчаш термометрлари, ўлчов тарозилари) давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Мазкур камчиликларни мавсумга қадар бартараф этиш юзасидан номлари кўрсатилган биолабораториялар раҳбарларига ёзма огоҳлантиришлар берилди.
А. Қозиев, Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш,
сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори