Маълумки, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти ортмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), энтомофагларни (трихограмма, бракон ва олтинкўз) биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Бугунги кунда Навоий вилоятида 12 та ана шундай биолаборатория фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда зараркунандаларга қарши биологик усул билан кураш учун 163 килограмм трихограмма, 72 миллион дона бракон ва 160 миллион дона олтинкўз ишлаб чиқариш режалаштирилиб, фермер хўжаликлари пахта ва ғалла майдонларига етказиб берилмоқда.
Ҳозирги кунда биолабораториялар томонидан зараркунандаларга қарши асосан уч турдаги биомаҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, олтинкўз- шира, ўргимчаккана, комсток қурти, қандалалар, кўсак қурти тухуми, 70 дан ортиқ бўғимоёқлилар ва кичик ёшли қуртлар билан озиқланади. Ҳозирги пайтда зараркунандаларга қарши биолабораториялар томонидан олтинкўз асосан тухум ҳолатда тарқатиб келинмоқда. Личинкаси бир кунда 100 тагача зараркунандани йўқ қилади. Трихограмма- маккажўхори парвонаси, карам капалакларига, кўсак қурти ва бошқа бир қанча тунламларга қарши қўлланилади. Бу энтомофаг кўсак қуртини тухумига қарши бир гектарига 1 грамм нормада тарқатилади. Бракон-кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшли қуртларига қарши қўлланилади. Зараркунандалар зичлигидан келиб чиқиб, далага 1000 дона учадиган етук зотли бракон қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда кимёвий кураш усулидан фойдаланиш ҳам бор. Аммо турли кимёвий воситаларнинг ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари майдонларига ишлатилиши туфайли теварак-атрофга катта экологик зарар етказилади, шу билан бирга атроф-муҳит, сув ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши, табиатдаги фойдали ҳашаротларнинг қирилиб кетиши, биологик мувозанатнинг бузилиши содир бўлади. Биофабрика ва биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотлар қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулни кенг майдонларда қўллаш имкониятини яратмоқда. Биомаҳсулот сифатли бўлса ҳамда далага тарқатиш қоидаларига риоя қилинса, кўзланган натижага эришилади.
- Республикамизда ҳашаротларга қарши курашда асосий эътибор биологик усулга қаратилаётгани бежизга эмас, - дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Улуғбек Юсупов. - Биолабораторияларда юқори сифатли биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб,технологик жараёнларга эътибор кучайтирилган. Шунингдек, биомаҳсулотлар етиштириш хоналари талаб этиладиган ҳарорат, намлик, ёруғлик билан таъминланиши, сифатли озуқа тайёрлаш учун ишлатиладиган махсус асбоб-ускуналар ва бошқалар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ана шундагина сифатли биомаҳсулот кўпайтиришга ва унинг натижаси ҳам самарали бўлишига эришилади.
Кармана тумани “Зарафшон пахтасервис” масъулияти чекланган жамияти биолабораториясида бугунги кунда 10 нафар ходим меҳнат қилади. Бу ерда жорий йил 16,4 миллион дона олтинкўз, 18 килограмм трихограмма ва 7,6 миллион дона бракон етиштириш режалаштирилган. Биолаборатория мудири Дилфуза Шарипованинг таъкидлашича, далага биологик усул тадбирларини қўллаш кимёвий ўғитлашга нисбатан анча фойдали ва самарали. Аммо биомаҳсулот етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатли томонлари бор.
- Хонадаги ҳарорат талаб даражасида бўлмаса биомаҳсулотлар сифатига салбий таъсир қилади,- дейди Д. Шарипова. – Масалан, олтинкўз етиштириш хонасидаги ҳарорат 22-25 градусдан ошмаслиги керак. Агар жуда иссиқ бўлса, “эркак”олтинкўз сони ортиб, уруғ кўпайиши камайиб кетади. Тозаликка риоя этиш, озуқа захирасини яратиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб биолабораториямиз 15 тонна арпа, 494 килограмм шакар, 61 килограмм мерва (асалари уяси), 53 килограмм маргарин билан таъминланган. Ҳозирда тумандаги 55 та фермер билан шартнома тузганмиз. Уларга керакли миқдордаги биомаҳсулотлар етказиб берилиб, ходимларимиз томонидан белгиланган меъёр асосида далаларга тарқатилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, жорий йил вилоят бўйича биолабораториялар 146 тонна арпа, 4 минг 721 килограмм шакар, 576 килограмм мерва, 504 килограмм маргарин озуқа маҳсулотлари ва 10 тонна кўмир захираси билан таъминлаган.
Биолабораторияларда амалга оширилган ишлар билан биргаликда айрим камчиликларга йўл қўйилгани ҳам бор ҳақиқат. Хусусан, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан Қизилтепа ва Навбаҳор туманлари қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик курашиш мақсадида фаолият олиб бораётган биолабораториялар фаолияти ўрганиб чиқилди.
- Ўрганиш давомида яна бир нечта камчиликларга дуч келинди, - дейди бош инспектор У. Юсупов. - Биомаҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳамда трихограмма энтомофагини ўлчаб, фермер хўжаликлари даласига тарқатишда фойдаланиладиган ўлчов воситалари ВЛКТ-600 лаборатория электрон тарозиси ва 6 та лаборатория хоналари ҳароратини кўрсатувчи ВИТ-2 гигрометрик психрометрлар давлат метрология текширувидан ўтказилмаган ҳамда сертификатлари мавжуд эмас. Шу билан бирга, биолабораторияларда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир қонунлар ижроси етарлича таъминланмаган. Ўлчов воситаларини ўз вақтида метрология текширувидан ўтказилишига бепарволик билан қаралиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан биолаборатория масъул ходимларига нисбатан, белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан биолабораториялар бошлиқларига тақдимномалар киритилиши таъминланди.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга ва биологик усулда зараркунандаларга қарши курашишга қизиқиш янада ортган. Бу эса ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зарарли ҳашоратлардан сифатли ҳимоя қилиб, келгусида мўл ҳосил олишга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати