Президентининг 2021 йил 18 ноябридаги “Тошкент шаҳрида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-17-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳри Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларига ўтказилган суғориладиган ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгалланишини олдини олиш, ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга ошириш юзасидан Бектемир туманидаги суғориладиган ер майдонларида назорат тартибида ўрганиш ўтказилди
Ўрганиш натижаларига кўра; Тошкент шаҳар, Бектемир тумани Забардаст МФЙ ҳудудидаги “Иззатилла Агро” фермер хўжалигига тегишли қишлоқ хўжалик харитасининг 28қ (1018 қ)-контуридаги 43,9 балл бонитетли 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонларида 42 та ҳолатда, 42 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, бетон пойдеворлар (шлакоблоклар), пишган ғиштлар билан ўраб, уй-жойлар қуриш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланди.
Бунинг натижасида тупроқнинг унумдор қатламига зарар етказилган. Ушбу “Иззатилла Агро” фермер хўжалигининг 28қ (1018қ)-контуридаги 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонида ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши натижасида етказилган зарар 1 348 265 819 (бир миллиард уч юз қирқ саккиз миллион икки юз олтмиш беш минг саккиз юз ўн тўққиз) сўмни ташкил қилади.
Юқоридаги “Иззатилла Агро” фермер хўжалигига тегишли 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонларида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан прокуратура органларига маълумот тақдим этилди.
"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими