Ру Ўз O`z En

БМТнинг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро эксперти билан учрашув ташкил этилди

23 Август 2022 1771

Бугунги кунда, Бирлашган миллатлар ташкилоти озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси (ФAO) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда “СOVID-19 га жавобан картошкачилик соҳасини тиклаш ва ривожлантириш” лойиҳасини муваффақиятли амалга оширмоқда.

Ушбу лойиҳа илғор тажрибалар асосида барқарор картошка етиштириш тизимини ривожлантириш, коронавирус пандемиясининг картошка тармоғига салбий таъсирининг олдини олиш, картошка навларини рўйхатга олиш ва уруғлик картошкасини сертификатлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Шу мақсадда, лойиҳа доирасида 2022 йилнинг 22 августидан 26 августига қадар ФАОнинг картошка бўйича халқаро эксперти жаноб Меҳмет Эмин Чалишкан Ўзбекистонда бўлиб, манфаатдор томонлар билан учрашув ўтказиш, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги нав синов майдончаларига ташриф буюриши кўзда тутилган

Бугун 23 августь куни, «Ўзагроинспекция» ҳузуридаги Хизматлар кўрсатиш маркази (ДУК)da  ФAO халқаро экспертини Республика ҳудудларида уруғлик картошкани сертификатлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида «Ўзагроинспекция» масъул ходимлари билан учрашуви ташкил этилди.

Тадбирда Агроинспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорт қилиш бўлими бошлиғи X. Махмудов ва марказий лаборатория мудири У. Хасановлар иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси  Президенти ва Ҳукумат томонидан уруғлик картошка етиштириш ҳажмини йилдан йилга кўпайтириш борасида қабул қилинаётган қарорлар, шунингдек, картошка уруғчилигини ривожлантиришда хусусий секторнинг роли, бугунда уруғлик картошкани сертификатлаш, сақлаш ва реализация қилиниши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этдилар.

Марказий Осиёда картошка истеъмоли аҳоли жон бошига йиллик 52,6 кг ни ташкил этади, шунинг учун,  унга нисбатан "иккинчи нон" ибораси қўлланилади.  Қолаверса, картошка озиқ-овқат хавфсизлиги, тўйимлилиги ва даромад олиш учун энг катта салоҳиятга эга асосий экин тури ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида 150 дан ошиқ картошка навлари етиштирилади. Умумий майдони 130 минг гектар бўлган ҳудудларда ҳозирда ўртача ҳосилдорлик гектарига тахминан 22 тонна, йилига жами ҳосил тахминан 2,9 млн тоннани ташкил этади. 1,8 миллион тонна картошка ички истеъмол учун ишлатилади, 700 минг тонна ҳосил табиий ва техник воситалар туфайли йўқотилса, 450 минг тоннаси уруғлик фонди захирасига жўнатилади, 130 минг тоннаси эса хўжаликларда сақланади.

Бундан ташқари, ҳар йили аҳоли истеъмоли учун Ўзбекистонга тахминан, 250 минг тонна картошка Россия, Қозоғистон, Покистон ва Беларус каби давлатлардан импорт қилинади.

Учрашув сўнгида Бирлашган миллатлар ташкилоти озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAO) нинг халқаро эксперти жаноб M. Чалишкан картошка етиштиришда жаҳон тажрибаси билан ўртоқлашиб, ўзини қизиқтирган бир қатор саволларга Агроинспекция вакилларидан жавоблар олди.

Х. Шадиева, "Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати раҳбари

 

Text to speech