Олам ва одам тириклигининг асосий манбаларидан бири сув. Шу боис ҳар томчиси қимматли сувдан доимо тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб келинади.
Бухоро вилоятида шўр ювилиши лозим бўлган 300 минг 557 гектар майдон мавжуд. Шундан 33 минг гектари Бухоро, 21 минг гектари Вобкент, 40 минг 480 гектари Жондор, 24 минг гектари Когон, 32 минг гектари Қоракўл, 26 минг 600 гектари Олот, 24 минг 254 гектари Пешку, 33 минг 381 гектари Ромитан, 31 минг 376 гектари Шофиркон, 31 минг 338 гектари Ғиждувон туманлари ва 3 минг 128 гектари Бухоро шаҳрига тўғри келади.
Маълумотларга кўра, республикамизда суғориладиган ерларнинг 65-70 фоизи табиий шўрланишга мойил. Чунки бундай ерларда минераллашган сизот сувларининг ер юзасига яқин жойлашгани уларни доимий буғланишига ва тузларнинг ер юзасида сақланиб қолишига олиб келади. Шу сабаб ҳар йили шўрланган ерлар тузини ювиш муҳим агромелиоратив тадбир ҳисобланади. Шўр ювишдан асосий мақсад, қишлоқ хўжалик экинларининг ўсиши, ривожланиши учун зарарли бўлган ортиқча тузларни тупроқдан ювиш ва сизот сувларининг минераллашишини камайтиришдан иборат.
Вилоят бўйича 5 минг 506 гектар ер майдони кучли шўрланган бўлса, 56 минг 560 гектари ўрта, 172 минг 443 гектари кучсиз шўрланган майдонлар сирасига киради.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Суғдиёна” фермер хўжалигида 2023 йил ҳосили учун чигит экиладиган майдонларни шўр ювишга тайёрлаш ва белгиланган агромелиоратив тадбирларни сифатли ўтказилишига бағишланган кўргазмали семинарда бу ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Бугунги кунда вилоят чегарасида бир кунда 150-180 м3/секунд сув олиниб, суғориш ишларига йўналтирилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан вилоятда “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, туман ирригация бўлимлари томонидан сувни ўз вақтида ва лимит доирасида сув истеъмолчиларига етказилиши ва сув истеъмолчилари томонидан ушбу сувдан оқилона фойдаланишини таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўриб келинмоқда.
С. Жураев, "Ўзагроинспекция" Бухоро вилояти бошқармаси бош инспектори.