Бухоро вилоятининг Жондор туманида қиймати қарийб 520 минг АҚШ долларига тенг бўлган замонавий ускуналар билан жиҳозланган “Яккатут” дон ишлаб чиқариш МЧЖга қарашли “Гулистон уруғлик дон ишлаб-чиқариш” кластери иш бошлади.
Ҳозирда, жамият 65 та фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартномага асосан қарийб 6 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон қабул қилди.
Замонавий ускуналар билан жиҳозланган уруғлик цехида айни пайтда 2021 йил ҳосили учун “Гром” навли элита авлодли уруғлик буғдойдан 850,5 тонна, “Первица” навли супер элита авлодли уруғлик буғдойдан 200,6 тонна, “Первица” навли элита авлодли уруғлик буғдойдан 476,2 тонна, “Первица” навли R-I авлодли уруғлик буғдойдан 1053,4 тонна, “Аср” навли элита авлодли уруғлик буғдойдан 130,9 тонна, “Алексевич” навли R-I авлодли уруғлик буғдойдан 868,9 тонна, “Антонина” навли R-I авлодли уруғлик буғдойдан 1183,3 тонна ва “Гром” навли R-I авлодли уруғлик буғдойдан 2144,8 тонна сара уруғлик дон тайёрланмоқда.
Уруғлик цехи суткасига 240 тонна уруғлик донни тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш қувватига эга. Шунингдек, ғаллачиликдаги улкан муваффақиятларга эришиш мақсадида 2021 йил ҳосили учун қабул қилинган уруғлик донни бегона ўтлардан ва ифлос аралашмалардан тозалаш жараёнида 2 дона сепаратор, донларнинг ўлчами ҳамда бегона уруғлардан ажратиш учун 2 дона триеер аппаратлари билан жиҳозланган ускуналар асосида уруғлик дон тайёрланмоқда.
Уруғлик донни дорилашда “Давлат кимё комиссияси” томонидан тавсия этилган препаратлардан фойдаланиш, уруғлик донларни нав ва авлодларни сифатли сақлаш, ташиш ва қадоқлаш технологияси давлат стандартлари талаблари асосида тайёрланиши “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан назоратга олиниб, зарур ҳолларда амалий кўмак бериляпти. Жамиятда уруғлик донларга ишлов беришда асосан чанг ва қаттиқ қоракуя касаллигига қарши Делтебу 0,40-0,50 литр тонна ҳамда Геркулес 0,40-0,50 литр тонна миқдорида кимёвий препаратлари қўлланиляпти.
Инспекторлар томонидан 2021 йил ғалла ҳосили учун қабул қилинган уруғлик ғаллани нав ва авлодлар бўйича алоҳида-алоҳида жойлаштирилиши, шунингдек, тозалаш, саралаш ва дорилаш ишларида ҳамда тайёрланган уруғлик донни давлат стандартлари асосида тагликларга жойлаштирилиши, ёпиқ сиғимлар ва қуруқ жойларда сақланиши юзасидан мутахассисларга зарурий кўрсатма ва тегишли тавсиялар берилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси матбуот хизмати