Ру Ўз O`z En

Бухоро вилоятидаги дон қабул қилиш масканлари мавсумга шайми?

8 Июнь 2020 2464

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4634-сон қарорига мувофиқ, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан назорат тадбирлари олиб борилди.

Агроинспекция ходимлари асосий эътиборни ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш, ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб олинадиган донни сақлаш омборларидаги сиғими, унинг ҳолати, ҳосилни қабул қилишга тайёргарлиги, корхоналарни ялпи дезинфекциялаш, сақлаш шароитлари, синов лабораториялари аҳволи, лаборантлар малакаси, фермерлар учун давлат ресурсига дон топшириш бўйича яратилган шарт-шароитлар, намунавий баннерларнинг мавжудлиги, намлиги юқори бўлган ғаллани қуритиш учун мўлжалланган майдонларнинг талаб даражасида эканлигига қаратишди.

 

Назорат тадбирлари давомида, вилоятдаги мавжуд 3 та дон корхоналари ва 20 та дон қабул қилиш масканларидаги 195 минг тонна донни белгиланган стандарт талабларига асосан сақлаш имкониятига эга бўлган махсус ёпиқ сиғимлар, шундан, 10 минг тонна элеватор сиғимлари, 32 минг тонна ёпиқ айвон ҳамда 153 минг тонна механизациялашган омборлар қайта таъмирланиб, мавсумга шай ҳолатда эканлиги кўздан кечирилди.

Жорий йилда вилоят миришкорларининг 60 минг 600 гектар ғалла майдонларида давлат ресурсларига топшириладиган 183 минг тонна ғалла ҳосилини етиштириш мақсад қилиб олинган.

Етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб йиғиб олиш, мавсумни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш учун вилоятда жами 191 та комбайнлар тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилган.

 

Агроинспекция ходимлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари ва берилган амалий ёрдам натижасида, вилоятдаги 20 та дон қабул қилиш масканлари ғалла ўрим-йиғими мавсумида белгиланган стандарт талаблари даражасида фаолият юритиши, шунингдек, синов натижаларининг ҳаққонийлигини таъминлашда 22 та синов лабораторияларидаги  231 тадан зиёд синов ускуналари ва ўлчаш воситалари жорий йилнинг апрель ойида давлат қиёслов кўригидан тўлиқ ўтказилиб, қиёслаш сертификатлари топширилди.

 

“Ўзагроинспекция” Бухоро вилоят  бошқармаси

Text to speech