Ру Ўз O`z En

Чорва учун озуқабоп экинларни такрорий етиштиришда нималарни билиш зарур

16 Июнь 2020 8840

Айни кунда Республикамизнинг барча минтақаларида ғалла ўрим-йиғими жадаллик билан олиб борилаяпти. Деҳқонларимиз ва чорвадорларимизнинг галдаги вазифаси ғалласи ўриб олинган майдонларни зудлик билан сомондан тозалаб, такрорий экинларни экишни амалга ошириш ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалик экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 1025-сон қарорида жорий йилда такрорий экин экиладиган 777 минг 634 гектар майдонларнинг 199 минг 111 гектарига ёки 26 фоизига озуқабоп экинлар экилиши кўзда тутилган.     

Чорвадор фермерларимиз ғалла ҳосили йиғиб олинган майдонларга такрорий экин сифатида озуқабоп экинларни экишда бой тажриба тўплаган. Бу ишни кечиктирмасдан, ўз вақтида амалга ошириш натижасида қўшимча ҳосил, даромад, чорва қишловига етарли озуқа жамғарилади.

Чорва озуқаси учун такрорий экин сифатида асосан маккажўхори, хашаки нўхат, тариқ ва хашаки лавлагининг эрипишар навларини экишг тавсия этилади.

 

Маккажўхори – кўп тармоқли фойдаланишда қимматли, серҳосил, донли экин ҳисобланади. Маккажўхоридан яхши концентрат, кўк масса ва силос олиш мумкин. 1 кг донида 1,34 озуқа бирлиги мавжуд. Маккажўхори сўталари сут-мум пишиш даврига кирганда тайёрланган силос чорва моллари учун энг яхши озуқадир. 100 кг силосда 24 озуқа бирлиги мавжуд.

Такрорий экин сифатида маккажўхорининг эртапишар “Қорасув–350 АМВ”, “Ўзбекис­тон–300 МВ”, “Ўзбекис­тон–306 МВ” каби дурагайларидан тўлиқ пишган дон олиш учун 20–25 июнгача ва силос олиш учун 15 июлгача экиш тавсия этилади.

Маккажўхори униб чиққандан кейин қатор ораларига ишлов берилиб, чопиқ қилинади. 5-6 та ва 10-12 та барг чиқарганда азотли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилганда гектаридан  35-40 центнер дон ёки 350-400 центнер кўк масса олиш мумкин.

 

Тариқни  такрорий экин сифатида экиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уни буғдой ёки баҳорда эрта экинлардан бўшаган майдонларга июнь ойида ва июлнинг бошларида экиш мумкин. Такрорий экин сифатида тариқнинг Саратовская–853 нави тавсия этилади.

Тариқнинг дони паррандалар учун қимматбаҳо озуқа ҳисобланади, чорва моллари тариқ дони қолдиқлари ва сомонини яхши ейди.

Тариқ серҳосил ўсимлик бўлиб, 10 сотих ердан 5-6 центнер дон ёки 12-14 центнер кўк масса олиш мумкин. Ушбу экин тури қурғоқчиликка чидамли, ёруғсевар, қисқа муддатли ўсимлик ҳисобланади. Аммо яхши ишланган ерни талаб қилади. Пишган дони тез тўкилиши сабабли 70-75 фоиз етилганда ўриб олиш зарур.

Хашаки лавлаги -озуқабоп экинлар орасида илдизмевалардан асосан ушбу ўсимлик экилади.

Чорва моллари сут маҳсулдорлигини оширишда ҳашаки лавлагининг аҳамияти катта ҳисобланади. Ҳашаки лавлаги ширали, енгил ҳазм бўладиган ва тўйимли ем-ҳашак хусусиятига эга. Шунингдек, ҳашаки лавлаги чорва моллари организмида дағал ҳашакнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради.

Чорвачилик субъектларида сут берадиган қорамоллар рационида хашаки лавлаги 40-50 % ни ташкил этади. Такрорий экин сифатида хашаки лавлагининг “Ўзбекистон нимқанд”, “Ўзбекистон-83” навларини экиш тавсия этилади.

Хашаки лавлагини жанубий (Сурхондарё, Қашқадарё) вилоятларда ғалладан кейин экиб олиш учун имкониятлар етарли бўлади.

Хашаки лавлаги икки йиллик ўсимлик. Биринчи йили уруғдан экилганда илдизмева беради, иккинчи йили илдизмевадан экилганда уруғ беради. Агротехник тадбирлар тўғри амалга оширилса, октябрь ойига бориб, 10 сотихдан 1,5-2 тонна кўк масса ҳосили олиш мумкин.

Хашаки нўхат - ердан унумли фойдаланиш ва чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлаш учун бошоқли дондан бўшаган майдонларга 15 июлдан
10 августгача бўлган муддатда дон ва дуккакли экинлардан хашаки нўхат уруғи — 10 сотих майдонга 7 килограмм миқдорида экиш тавсия этилади. Шохлаш фазасига кирганда ўғитланади ва суғорилади. Ҳаво ҳарорати ва экин ҳолатини ҳисобга олган ҳолда яна бир марта озиқлантирилса ва икки-уч марта суғорилса, октябрь ойига бориб 15-20 тонна кўк масса ҳосили олиш мумкин.

Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бошқармаси 

Text to speech