Ҳурматли ҳамкасблар!
Сизларни ва Сиз орқали оила аъзоларингизни, соҳа ривожига ҳисса қўшиб келаётган барча ходимларни бугунги муҳим сана - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун билан чин қалбимдан самимий табриклайман!
Тил-фахр ва ифтихордир. У мулоқот воситасигина бўлиб қолмай, инсоннинг ички оламини ифодалайди, дунёни теран идрок қилишига кўмаклашади, дунёқараши ва камолотини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам ер юзида ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз тилининг мавқесини юксалтиришга интилади.
Миллий тил давлатнинг ривожи, қолаверса унинг миллат сифатида дунё тамаддунида ўз муносиб ўринни эгаллаши учун муҳим аҳамият касб этади. Буюк тарихимиз ва аждодларимизнинг мероси ҳам айнан она тилимиз орқали бизгача етиб келган.
Бугун она тилимизга Давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллигини нишонламоқдамиз. Тилимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш нафақат ушбу кунни муносиб нишонлаш, балки тилнинг сайқалланиши, соф ўзбек тилининг авлодларимизгача етиб боришига ўз ҳиссамизни қўшиш билан намоён бўлади, десак адашмаган бўламан.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонунида ўзбек тилининг давлат тили эканлиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, ҳар бир давлат хизматчиси ўз хизмат фаолиятида давлат тилига оид билимларни ўзлаштириши, билиши ва унинг масъулиятини ҳис этиши лозим.
Азиз ҳамкасблар!
Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли кун - Ўзбек тили байрами муносабати билан чин дилдан табриклайман. Халқмиз дастурхонига файз-барака, барчангизга соғлиқ, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан, Аброл Вахабов