Пахтачиликда эрта ва мўл ҳосил етиштиришда чилпиш муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Бугунги кунда ғўза майдонларида чилпиш тадбирини ўз муддатида ва сифатли ўтказиш орқали, ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши ҳамда ҳосил туплашини янада тезлаштириш мумкин бўлади.
Ғўзани чилпиш ишлари мақбул муддатларда ўтказилганда ҳосил элементлари тўкилишининг олди олинади, гул ва кўсаклар сони ошади, зараркунанда ва ҳашаротларнинг салбий таъсири камаяди, кўсакларнинг пишиши 5-10 кунга тезлашади, ҳосилдорлик гектаридан 5-6 центнергача ошади.
Шунингдек, илмий тавсияларда, чилпишни ғўза навлари ва кўчат қалинлиги, тупроқ таркиби ва муҳими ҳосил шохларига қараб, ўртача 12-13 ҳосил шохлари бўлганда, “қўшқатор” экилган майдонларда эса 11-12 ҳосил шохлари шаклланганда дастлаб ғўзани ўсув нуқталари бир марта чилпишдан ўтказиш белгиланган.
Бугунги кунда эртаги ва ривожи яхши бўлган 314 минг гектар (31%) ғўза майдонларида ўртача 11-12 тадан, 106 минг гектар (11%) майдонларда 13-14 тадан ҳосил шохлари шаклланган.
Бундан ташқари, шу каби эрта муддатларда экилган, яхши парвариш қилинган майдонларда ғўзанинг ён шохларини чилпиш ишлари аксарият ҳудудларда бошлаб юборилди.
Республика ҳудудларида жорий йилда парвариш қилинаётган 1 млн 12 минг 445 гектар ғўзанинг, бугунги кунда 30 минг гектари ёки 3 фоизида дастлабки чилпиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, тавсияларда, ғўзани чилпиш ишларини кечиктирилиши ёки сифатсиз ўтказилиши оқибатида, поя бўйига ўсиб ғовлаб кетади ва пахта ҳосили 15-20 фоиз камайиб, пишиб етилиши 7-10 кунга кечикади. Шунингдек, кўсаклар майдалашиб, вазни камаяди, ғўза сербарг бўлиб, кўсаклар қобиғи қалинлашиши натижасида ҳашаротлар жумладан, кўсак қурти кўпайишига олиб келиши кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, ғўзада чилпишни ўтказишда унинг тартиблари ва илмий тавсияларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши талаб этилади. Жумладан: биринчи навбатда ғўзани ғовлаб кетишига йўл қўймаслик, бунинг учун чилпишни ғўзада ўртача 12-13 ҳосил шохлари бўлганда, “қўшқатор” экилган майдонларда эса 11-12 ҳосил шохлари шаклланганда ўтказиш зарур;
иккинчидан, чилпиш ўтказиладиган ғўза майдонлари албатта суғорилган бўлиши ёки ғўза остида 65-70 фоиз миқдорда намлик бўлиши лозим;
учинчидан, ғўзани чилпишда бош поянинг ва ён шохларнинг ўсув нуқталарини олиб, этакларга солиш ва даладан ташқарига чиқариб кўмиб ташлаш талаб этилади, шундан қилинганда, ўсув нуқталарига тухум қўйган ғўзанинг зараркунанда ва ҳашаротлари ҳам камаяди;
тўртинчидан, имкон қадар чилпишни чала ва сифатсиз ўтказилишига йўл қўймаслик ҳамда ғўзани ён шохларини чилпишга алоҳида эътибор бериш лозим, чунки ён шохлар олинмаса, қатор орасида ҳаво айланиши бузилиб, пастки ярусдаги кўсакларни чиришига олиб келиши мумкин.
Юқоридаги тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилмаган ҳолларда, ғўзада 6-7 центнер ҳосил йўқотилиши кўп йиллик тажрибаларда исботланган.
“Ўзагроинспексия” томонидан, ҳудудларда ғўзани чилпиш ишлари ва 2024 йил пахта ҳосили учун парвариш қилинаётган ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши доимий назоратга олиниб борилади.
Ф.Мамасолиев, Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар
ўтказилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи